Шоирларни алқайди ватан!

Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган даврда навқирон авлод келажаги учун кўплаб имкониятлар, шарт-шароитлар яратилишига пухта замин ҳозирланмоқдаки, ёш ижодкорларни излаб топиш, уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб маънавий- маърифий тадбирлар, кўрик танловларнинг аҳамияти беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Истеъдод мактаби» Республика ёш ижодкорларининг анъанавий «Зомин семинари» жорий йилнинг 5 июль кунидан навбатдаги мавсумни якунлади.
Кўҳна Зомин туманининг Ўриклисой дарасида ҳар йили ўтказиладиган анжуманда миллий адабиётимизнинг етук адибларидан уч кун давомида маҳорат сабоқлари олган ижодкор ёшларнинг ҳайратлари, шодликлари ўзгача.
Семинар давомида Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли мунаққид Иброҳим Ғафуров билан бўлган ижодий учрашув, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Эшқобил Шукур, Мунаввара Усмонова, Рустам Мусурмон, Умида Абдуазимова, Қорақалпоғистон халқ шоири Ҳалила Давлетназаров, таниқли шоирлар Николай Илин, Азиз Саид, Ориф Тўхташлардан шеър илми сабоқларини олишган бўлса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев, таниқли ёзувчилар Шойим Бўтаев, Нурилла Чори, Уйғун Рўзиевлардан наср йўналишининг сир-синоатлари ҳақида билимларга эга бўлишди.
Адабиётшунос олимлар Қозоқбой Йўлдошев, Сувон Мели ва Нурбой Жабборовларнинг адабий танқид ҳақидаги фалсафий қарашлари, ўгитлари бўлажак мунаққидлар олдига адабиёт нима, унинг таҳлили, талқини қандай бўлиши керак, каби ўйлантирувчи саволларни қўйдики, ёш мунаққидлар Ватан адабиёти олдидаги улкан, залворли масъулиятни янада теранроқ англаб етдилар, назаримизда.
Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг ёшларга қарата айтган қуйидаги гаплари ёш авлодга қаратилган умид ва ишонч туйғуларининг салмоғи ва залварини янада теранроқ англатгандай бўлди:
«Бу адабий анжуман, тарихий, адабий, инсоний, ижодий қимматга эга. Чунки ҳаммаларингизнинг қалбингизда биринчи китобларингиз, биринчи достонларингиз, биринчи ҳикояларингиз, ҳозир жаранглаб турибди. Мен буни ҳис қилиб турибман.
Кеча, бугун бу ерда жуда катта улуғ ижодий руҳ – сизнинг ўқиётган, муҳокама қилинаётган асарларингиз туфайли ўзбекнинг ижодий руҳи – Навоийларнинг, Саккокийлар, Лутфийлар, Атоийларнинг, Бобурларнинг руҳи кезиб юрибди сизнинг қиёфангизда, сизнинг қадамингизда, сизнинг нафасларингизда.
Нима учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев сизларнинг қиёфангизда Ўзбекистоннинг келажагини ва нажотини кўраяпти? Булар қуруқ гап эмас. Бу сўзлар «Ўзбекистоннинг келажаги, Ўзбекистоннинг нажоти, Ўзбекистоннинг кўрар кўзи, Ўзбекистоннинг эшитар қулоғи, Ўзбекистоннинг уриб турган юраги», деган сўзлар сиз учун айтилган ва сиз бундан кейин қўядиган ҳар бир қадамларингизда, ижодий йўлларингизда буни исботлаб, халқимизга қадамба-қадам туҳфа қилиб борасиз».
Таржима борасидаги маҳорат дарсларида ҳам аён бўлдики, бугунги ёшлар бу жараёнга дадил кириб келмоқдалар.
— Кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, бугун юртимизда ёш мутаржимлар сони тобора кўпайиб бормоқда, бу жуда қувонарли ҳолат, албатта. Уларнинг кўпчилиги чет эл адабиётидан ўзбек тилига таржималар қилаётгани ҳолда ўзбек адабиёти намуналарини жаҳон тилларига таржима қилувчи ёш ижодкорлар сони ҳам ортиб бораётгани унданда кўпроқ мамнун этади, — дейди таржима йўналишидаги ҳакамлар ҳайъати аъзоси, бадиий таржимон Бегойим Холбекова. — Бу йил семинарда қатнашаётган ёшларнинг интилишлари, изланишлари таҳсинга лойиқ. Тўғри, уларнинг таржималарида жузъий камчилик ва нуқсонлар етарлича, аммо улардаги журъат, ёшлик шижоати ҳавас қиладиган даражада баланд. Шу шижоат тарк этмаса, улардан келажакда етук мутаржимлар етишиб чиқишига шубҳа йўқ.
Шунингдек, устоз таржимонларнинг ўгитларини жон қулоғи билан тинглаётган, ўз фикр ва мулоҳазаларини тортинмай баён қилаётган ёшлардан бири, Андижон давлат чет тиллари институти магистри Абдуллажон Рўзиевга Зомин семинари ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.
— Мен Зомин тоғлари, деганда доимий кўриб одатланганим – Андижон ва Тошкент оралиғидаги кўзга ташланадиган тоғлар қиёфасини тасаввур қилар эдим. Зоминга келгач, кўрдим-ки, адабий анжуман учун бекорга бу ер танланмаган эканлигини англадим. Бу ерларнинг табиати ўзгача фусунли, ҳавоси ниҳоятда мусаффо экан. Ўриклисойнинг тиниқ мавжларида адабиётга ошно дилларнинг беғубор, бегидир жилвалари тўлқинланаётгандек таассурот уйғотади. Бу ерда ижод аҳли ҳузурланиб ижод қилиши учун илоҳий руҳ кезиб юргандай гўё.
Семинарнинг энг муҳим жиҳатларидан бири таниқли устоз адибларнинг сабоқлари бўлди. Университетдаги одатий дарслардан фарқли ўлароқ, бу ерда устозлар ҳар бир иштирокчи ижоди устида кенгроқ фикр юритиб, ютуқларимиз, хато ва камчиликларимиз таҳлил қилинди, билмаганларимиз билдирилди, ҳали ўз устимизда яна кўп ва хўп ишлашимиз кераклигини англадик.
Мен биз учун мана шундай ижодий мактаб бўлган анжуман том маънода юксак парвозлар сари чорлагани учун миннатдорман. Ўз билимимизга, ижодий кучимизга ишонч туйғусини янада мустаҳкамлади.
Дарҳақиқат, бу ерга тўпланган ёшларнинг чанқоқ нигоҳларида, чарақлаган кўзларию, ярақлаган юзларида мамнунлик барқ уриб турарди.
Семинарнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Халқ банки» Республика бошқармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, ва Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан иштирокчиларга семинар статуэткаси, сертификат, сўнгги русумдаги телефон, пул мукофотлари ва китоблар жамланмаси топширилди.
***
Ижод аҳлига нима керак?..
Баланд кўнгил ва жўшқин илҳом булоғи керак.
Зоминнинг улуғвор тоғлари бағрида, ям-яшил арчазорларнинг хушбўй тароватида, Ўриклисойнинг шарқираб оқаётган зилол сувлари мавжларида ана шу манба яшириндек, гўё…
Семинар иштирокчиларининг кўзларидаги ҳайрат ва сўзларидаги қудрат ёшлик шиддатию нафосатига ҳамоҳанг тарзда жаранглаганига гувоҳ кўнгиллардан шундай ўйлар ўтса, не ажаб.
Ҳа, адашмадингиз, «Зомин мактаби» деб ном олган, йил сайин ёш шоир ва ёзувчиларни кашф этаётган, уларга қанот бераётган – Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари эзгу сўз айтишга чоғланиб, қўлига қалам тутган ёш қаламкашларни юрагига қулоқ тутди.
Ўриклисой мавжларига уйғун қалблардан шеърлар қўшиқдай янгради. Зоминнинг улуғвор тоғларидан қалблар юксалди, кўнгиллар сойнинг тиниқ сувларидек покланди.
Жаннатмонанд ўлканинг зилол булоқларидан тўйинган ёш кўнгиллар келажак уйларини қуриш учун нурли манзиллар сари йўл олдилар.
Ҳа, айтгандай, кеч пайти телефон қўнғироғи бўлиб қолди. Қарасам, вилоятимизнинг Бахмал туманидан семинарда иштирок этган ёш публицист Озода Ҳабибуллаева экан.
— Устоз, уйга бир олам совғалар билан кириб келдим, — дейди у ҳаяжон билан. –– Бизга берилган совғалар орасида пул мукофоти ҳам борлиги нур устига аъло нур бўлибди. Мен уйга қайтаётиб, Жиззах шаҳридаги дўконга кириб, мукофотга олган пулимга чангютгич сотиб олдим. Ёш рўзғор бўлганимиз учун ҳеч шунга пул еткиза олмаётгандик. Кўнглимдаги унча-мунча ғуборлар Зомин ҳавосида ювилиб кетган бўлса, энди уйим ҳам чанг-ғуборлардан янада фориғ бўладиган бўлди.
Гўшак ортидаги ҳаяжонли овоздан таралаётган нур тўлқинлари менинг ҳам юрагимга туташиб кетди, гўё…
Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг