Ширинда шинам шаҳарча шукуҳи бор

13:45 20 Декабрь 2024 Жамият
236 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Вобкентдаги Ширин қишлоғида бўлган кишининг кайфияти кўтарилади. Чеҳрасида табассум билан ортига қайтади. Сабаби, қишлоқ аҳолиси ширинсухан, меҳмондўст. Содда, кўнглида кири йўқ одамлари кўп.

Томошабоп жойлари ҳам. Бу гўшанинг яна бир ажралиб турадиган жиҳати қишлоқда миллий урф-одат ва анъаналар сақланиб қолган. Дейлик, шўрданак ёки ширинликлар тайёрлаш баҳонасида аёллар бир хонадонда йиғилишиб, лапархонлик қилади. Ривоятлар айтишади. Ҳовлилардан тандирда ёпилган иссиққина нон ҳиди таралади. Қадимий тегирмонда маккажўхори ва буғдой уни тортилади.Қишлоқда қўй жуни йигиришни ҳам, бичак (сомса) пиширишни ҳам, ҳолваю нишолло тайёрлашни ҳам жойига қўйишади.

Шу каби жиҳатлар ҳисобга олиниб, Ширинни туризм қишлоғига айлантириш саъй-ҳаракатига киришилди. Бу қадимий гўшада умргузаронлик қилаётган тадбиркорлар учун имкониятлар эшигини очди. Санжар Бобокалонов томонидан қишлоқда этнотуризм маркази барпо этилди. Бу ердаги тегирмон, тандир, ўтовлар, балиқчилик, чорвачилик бурчаги, экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш, шўрданак ва қурут, полиз маҳсулотларидан саломатлик учун фойдали миллий таомлар тайёрлаш жараёни – буларнинг барчаси хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Сандал (танча)ли уйлару қўл меҳнати маҳсули саналган миллий ҳунармандчилик буюмларини айтмайсизми?!

Қишлоқда айни дамда 55 ўринли меҳмонхона, 6 та оилавий меҳмон уйи, 14 та ўтов ва шу каби қатор шохобчалар меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Ҳудудда балиқчилик кластери ҳам ташкил этилаяпти. Ўнга яқин ҳунармандчилик маркази, миллий таомлар тайёрловчи ошхоналар, қўшимча тарзда меҳмон уйлари, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун замонавий алоқа хизматлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

— Ҳали бу ҳаммаси эмас, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Шаропов. — Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 июлдаги тегишли қарорига кўра, “Ширин” маҳалласи ҳудудида салоҳиятли тадбиркорлар томонидан микромарказлар ташкил этилади. Бу 150 тадан зиёд янги иш ўрни яратилишига олиб келади. Бу ерда ҳозир шинам шаҳарча шукуҳи бор, десам хато қилмайман.

Қишлоқда супермаркет, дорихона, гўзаллик салони, сартарошхона каби кўплаб савдо ва замонавий сервис хизматлари шохобчалари иш бошлайди. Бундан ташқари, миллий чойхоналар, табиат қўйнида гастрономик туризм хизматлари, кулолчилик, каштадўзлик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, жундан ип йигириш, қўғирчоқлар, намат (кигиз) тайёрлаш, бўйра тўқиш хизматлари йўлга қўйилади.

Дарвоқе, яқинда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси томонидан “Ширин”га “этнотуризм қишлоғи” мақоми берилди. Бу кўзда тутилган лойиҳаларни рисоладагидек поёнига етказиш, хорижий сайёҳларнинг ўзбекона турмуш тарзи, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз тўғрисидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?