Шимолий Кореянинг сирли ҳаракати, БМТнинг Ғазо учун муҳим қарори ва Ереванда яна намойиш (+видео)

19:15 11 Июнь 2024 Дунё
296 0

Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида

Ғазодаги вазият

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши АҚШ таклиф қилган Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлаш учун овоз берди. Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси АҚШ томонидан ишлаб чиқилган резолюцияни ёқлаб овоз берган. Россия бетараф қолди.

Келишувни Исроил қабул қилгани ва ҲАМАСни ҳам бунга рози бўлишга чақирилган. Гуруҳ доимий оташкесимга эришиш ва Исроилнинг Ғазо секторидан тўлиқ чиқиб кетиши учун кафолат талаб қилиши мумкин.

Режа уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи босқичда гаровга олинган маҳбусларни алмашиш, қисқа муддатли оташкесимга эришиш ётади. Резолюциясига кўра, иккинчи босқич ҳарбий ҳаракатларни доимий тўхтатиш ва Исроил аскарларининг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишини таъминлайди. Шунингдек, сўнгги босқичда Ғазони қайта тиклаш ишларини олиб боришдан иборатдир.

Хавфсизлик Кенгашидаги овоз бериш АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашувидан сўнг қабул қилинган. Котиб айни шу мақсадда 10 июнь куни Яқин Шарққа йўл олган эди. Шунингдек, унинг Иордания, Қатар ва Миср раҳбарлари билан учрашуви режаланган. Бу дипломатнинг бир неча ой ичида минтақага саккизинчи ташрифи бўлди.

Владимир Путин икки давлатга ташриф буюради

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин келаси ҳафта Шимолий Корея ва Вьетнамга ташриф буюради. Путин ўзаро ҳисоб-китоблар муаммосини ҳал этиш ва туристлар оқимини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиши айтилмоқда. Маълумотларга кўра, президентнинг Вьетнамга ташрифи КХДРга сафаридан сўнг амалга оширилиши мумкин. Россиянинг Шимолий Кореядаги элчиси Александр Матсегора «Ведомости»га Россия раҳбарининг Пхенянга ташрифини тасдиқлаб, фаол тайёргарлик кетаётганини маълум қилган.

Путин Шимолий Кореяга биринчи марта 2000 йилнинг 19-20 июль кунлари ташриф буюрган. Ўшанда КХДР раҳбари Ким Чен Ир билан учрашган эди. Шимолий Кореянинг амалдаги раҳбари Ким Чен Ин охирги марта 2023 йилнинг 12-17 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Россияга ташриф буюргани маълум.

26 март куни «Вьетнамнет» интернет газетаси хабарига кўра, Марказий қўмита бош котиби Нгуен Пҳу Тронг Путин билан телефон орқали суҳбатда уни Вьетнамга расмий ташриф билан таклиф қилган. Путин президентлик даврида ушбу давлатга тўрт марта ташриф буюрган. Унинг Вьетнамга сўнгги расмий ташрифи 2013 йилнинг ноябрида бўлган эди.

Жанубий Африкада марихуана етиштириш қонунийлаштирилди

27 май куни бўлиб ўтган умумий сайловлардан кейин мамлакатнинг гиёҳванд моддаларга оид қонунларига қатор ўзгартиришлар киритилди. Энди жанубий африкаликлар учун каннабис етиштириш ва ундан фойдаланиш қонуний бўлди. Кейинги қадам ушбу ўсимлик моддасининг савдосини қонуний қилишдир. Президент Кирил Рамафоса ушбу қонунни имзолаганидан кейин марихуанадан фойдаланишни қонунийлаштирган биринчи Африка давлатига айланди.

Шунингдек, шу вақтга қадар каннабис қонунбузарлиги билан айбланган шахсларнинг жиноятлар тарихи ўчирилади. 2022 йил ҳолатига кўра, мамлакатда каннабис билан боғлиқ жиноятлари учун қамоққа олинган 3 минг нафар маҳбус қачон озод қилиниши маълум эмас.

Малта, Канада ва Уругвай каби марихуанани қонунийлаштирган бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ Жанубий Африкада доривор восита сифатида ёки шифокор тавсияси бўлмаса, уни сотиб олиш ноқонуний бўлиб қолади.

Шимолий Корея чегарада сирли ҳаракатлар олиб бормоқда

Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги тасвирларда Шимолий Корея армиясининг Жанубий Корея билан шартномага кўра қуролсизлантирилган ҳудудда позицияларни эгаллаётгани акс этган. Бу ҳақда «NewsWeek» нашри хабар берди.

Тахминларга кўра, Шимолий Корея узунлиги деярли 3 километрга чўзилган қуруқликдаги чегарани армияни жойлаштириш мақсадида тозалаган. «Planet Labs» томонидан «NewsWeek»га тақдим этилган тасвирлар шимолликларнинг камида тўртта янги ҳудудда ўз армиясини жойлаштиришга интилаётганини кўриш мумкин.

Аввалроқ, Жанубий Корея ОАВлари чегара постида истеҳкомлар қураётган 30 нафарга яқин аскар суратларини чоп этганди. Янги сунъий йўлдош тасвирлари эса бу қурилиш масштаби кенгроқ эканлигини кўрсатмоқда.

Шимолий Кореянинг ушбу ҳаракатининг аниқ сабаблари номаълум.

Жорж Вашингтон университети профессори Иммануэл Кимнинг айтишича, чегара ҳудудидаги бундай тозалаш ишлари Шимолий Корея қўшинларига чегарани янада самарали кузатишга ёрдам беради. Очиқ ерлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва транспорт воситаларининг тезроқ ҳамда самарали ҳаракатланишига замин яратади.

Арманистонда 4 кунлик намойиш бошланди

Арманистон марказий кўчаларидаги намойишлар бир муддат танаффус олганидан сўнг якшанба куни яна бошланди. Шунингдек, душанба иш куни бўлишига қарамасдан Еревандаги Арманистон парламенти олдида намойишчилар йиғилди. Улар Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Норозилик намойишларининг асосий сабаби, ўтган ой тўртта қишлоқ Арманистон томонидан Бокуга қайтарилган. Ушбу қишлоқлар Озарбайжон ҳудуди бўлиб, 1990 йилларда Арманистонга ўтиб кетган.

Пашинян ҳудудларнинг қайтарилиши кейинги урушнинг олдини олиш учун муҳим омил бўлишини айтсада, мухолифлар буни хиёнат деб ҳисобламоқда.

Бизни «Халқ сўзи»нинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?