Шифокорга савоб керак эмасми?
Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳалар сингари тиббиётда ҳам катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Жумладан, жойларда кўплаб замонавий тиббий масканлар қурилиб, улар энг сўнгги русумдаги ташхис қўйиш аппаратлари ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Масалан, яқинда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг ангиография бўлими 700 миллион сўмлик маҳаллий бюджет маблағи эвазига реконструкция қилиниб, фуқароларга биринчи сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилди. Ушбу бўлимда коронарография, юрак тож-томирларини стентлаш ва тромбларни олиб ташлаш, электрокардиостимулятор ўрнатиш, бош мия қон томирларини стентлаш ва тромбларни олиш, буйрак артерияларини стентлаш, оёқ қон томирларини стентлаш ва кенгайтириш, бачадон миомасини эмболизация қилиш каби тиббий амалиётлар олиб борилмоқда. Кейинги пайтда бундай замонавий оилавий поликлиникалар, даволаш ва профилактика масканларининг янгидан иш бошлагани ҳам аслида тиббиётнинг аҳолига тобора яқинлашаётганидан далолат.
Шу ўринда, бугун аҳоли соҳадаги барча ислоҳотлардан розими, деган савол туғилиши табиий.
Яқинда бир танишимнинг келини туғруқхонага тушди. Айтишича, шифохона эшигидан кирар-кирмас “бер-бер” бошланган. Касаллик тарихини ёзишга 20 000, ультра товушли текшириш аппарати учун 30 000, туғруқ учун 400 000, операцияга 1 500 000 сўм тўлаган. Бундан ташқари, тиббий қўлқоп, дока, совун, дорилар харажати, чақалоқни олиб чиқишда уни йўргаклаган ҳамшира, болалар шифокорига узатилган суюнчи пулларни гапирмасаям бўлади.
Шу яқин кунларда ўзим ҳам Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида ётдим. Шароитлар яхши, замонавий тиббий асбоб-ускуналар муҳайё. Шифокорларнинг тажрибаси, малакаси юқори. Фақат нарх-наво масаласида унча-мунча одамни қийнаб қўяди. Тўғри, бу ерга сизни ҳеч ким мажбурлаб олиб келмайди, ўз оёғингиз билан шифо истаб келасиз. Ҳаммаси ўрнатилган тартибда, белгиланган нархларда. Рўзғордан орттирган бироз маблағимиз бўлса-ку яхши, бўлмаса-чи?
Фарзандининг саломатлигини кўрикдан ўтказиш мақсадида ҳамкасбим болалар шифохонасига борди. Рўйхатга олиш хонасида ўтирган ходим унинг қўлига кичик қоғозча тутқазиб, шу жойда болаларга яхши ташхис қўяди, дея хусусий клиникалардан бирининг манзилини берибди. Бу нима, ўзи ишлаб турган давлат шифохонасига ишонмасликми? Ёки ўша шифокор мижоз топиб бергани учун хусусий клиникадан ўз “улишини” олиб турадими?
Тан олиш керак, бугун хусусий тиббиёт кўплаб тажрибали мутахассисларни ўзига жалб қилмоқда. Шу боис давлатга қарашли тиббиёт масканларида яхши мутахассислар кам қоляпти. Арзимаган маошга оилавий поликлиникаларда ишлайдиган ходимлар “мижоз” юбориб хусусий клиникалардан ҳам мўмайгина даромад топаётганлиги бор гап.
Бу ҳақда кўп ва хўп гапириш мумкин. Афсуски, ўлим хавфи юқори юрак қон-томир ва саратон каби хасталиклардан даволаниш учун бемор чўнтагига камида 30-40 миллион “муллажиринг”ни солиб олмаса, шифохонага боришдан фойда йўқ. Хўп, майли, пул бор одам даволаниб чиқади, ночорлар-чи? Гап инсон саломатлиги ҳақида бораркан, давлат назоратни янада кучайтирса мақсадга мувофиқ бўларди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг