Шифо ва эътибор – ҳаммаси бир жойда

19:44 26 Ноябрь 2025 Жамият
311 0

Меҳнат фахрийси Низомиддин Фозилов табиатан хушчақчақ, кўнглида кири йўқ инсон. Маҳалла фаоли. Ҳамқишлоқларидан ёрдами, маслаҳатини аямайди. Ўзи истиқомат қилаётган қадимий Соктари қишлоғининг ўтмиши, бу ерда яшаб ўтган улуғлар ҳақида сўз кетса, унинг олдига тушадигани йўқ. Айниқса, ўзбек ва тожик адабиётининг забардаст вакили Садриддин Айнийдан гап очилса оғзидан бол томади. Адибнинг уй – музейига кунора кирмаса кўнгли жойига тушмайди. Саломатлигини суриштирганингизда эса...

– Қанд касаллиги безовта қилиб турмаганини айтмаса ҳаммаси жойида, – дейди у. – Шукр, оилавий поликлиникамиз шифокорлари ҳолимиздан тез-тез хабар олиб туришади. Патронаж ҳамширалар хушмуомала, дори-дармонни уйга беминнат етказишмоқда. Шифокорнинг бир оғиз ширин сўзи ҳам дардга даво. Яқинда тиббий масканимиз янги замонавий бинода иш бошлади. Кўп йиллик орзумиз ушалди. Бу аҳолининг вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатидан сўнг рўёбга чиқди. Маҳалламиз аҳолиси қатори биз, кексалар ҳам бениҳоя хурсандмиз.

Соктариликларнинг айтишларича, 9 – сонли мазкур поликлиниканинг аввалги биноси бундан 69 йил муқаддам қурилган. Эскирган, пастқам хоналарда ишлаш, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ноқулайликларни юзага келтираётганди. Хоналар етишмасди. Иложсизликдан ЭКГ ва УЗИни бир хонада жойлаштиришга мажбур бўлишганди. Ваҳоланки, бу оилавий поликлиника оз эмас, кўп эмас, 18 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади.

– Чиндан ҳам аввал масканимизда шарт-шароитлар талаб даражасида эмас эди, – дейди оилавий поликлиника мудири Жўрабек Шарипов. – Уч миллиард сўм миқдоридаги ссуда маблағлари эвазига қўш қаватли қилиб қурилган янги бино 24 та хонадан иборат. Кенг ва ёруғ. Замонавий иситиш тизимига эга. Илгари беморларимиз дори-дармон учун 4 километр йўл босиб қўшни қишлоққа боришарди. Эндиликда бунга ҳожат йўқ. Негаки, поликлиникамиз ҳузурида ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, масканимиз учун доимий ишловчи педиатр, акушер – гинеколог штатлари ажратилди.

Эътиборлиси, 9 – оилавий поликлиника кейинги ойларда янги бинода иш бошлаган тумандаги учинчи шифо масканидир. Бунга қадар аҳоли тиғиз яшовчи Гаждумак аҳоли пунктида ҳам оилавий поликлиниканинг замонавий биноси қурилиб фойдаланишга топширилганди. 100 қатновга мўлжалланган бу шифо масканида ҳам беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳа ходимларининг ўз вазифаларини рисоладагидек бажаришлари учун зарур барча қулайликлар яратилган. Орадан кўп вақт ўтмай, тумандаги 2 – сон оилавий поликлиника ҳам замонавий бинода фаолият юритишга киришди.

– Юртимизда тиббиётни халққа яқинлаштириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижасидир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев. – Янги бинолар, уларнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани, даволаш – профилактика масканларида “электрон поликлиника” ахборот тизимининг жорий этилгани қабул имкониятларини кенгайтирмоқда. Ўз навбатида, шифокорларимиз зиммасидаги масъулият ҳам ошаяпти. Буларнинг бари пировардида касалликларни эрта аниқлаш, одамлар ташвишини енгиллаштириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга шарт-шароит яратмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер