Шавкат Мирзиёев: Муаммоларнинг сабаби ҳам, ечими ҳам профессионал кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ

18:20 12 Август 2024 Сиёсат
373 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 12 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Бухорода ҳар бир туманни саноат тармоқларига ихтисослаштириш зарурлиги қайд этилди.

Вилоятда 3 та йирик газ-кимё лойиҳаси, 10 та қуёш ва шамол станцияси қурилаяпти. Уларга 1 миллиард долларлик эҳтиёт қисмлар керак бўлади.

Бу эҳтиёжни қондиришни ўйлаш ўрнига, вилоятда бир хил маҳсулот ишлаб чиқарилиб, янгисини яратиш ва инновация олиб келиш устида ишланмаётгани қайд этилди. 

Вилоятда 1,5 миллион тонна мева-сабзавот тайёрланади. Бу – Бухоро эҳтиёжидан 2 баробар кўп. Лекин, уларни атиги 11 фоизи қайта ишланади, 30 фоизи ташишда исроф бўлади. Вилоятнинг 4 та кичик агрологистика маркази қуввати 66 минг тонна маҳсулотни қайта ишлашга етади, холос.

Мутасаддиларга ушбу захираларни ҳисобга олиб ҳар бир туманни ихтисослаштиришга қаратилган дастур тайёрлаш топширилди. 

Бухоро пахтаси ташқи бозорда энг харидоргир. Хитойдан жалб қилинган олимлар билимидан фойдаланиб, келгуси йилда 50 фоиз майдонда ҳосилдор пахта ва ғалла етиштиришга ҳозирдан тайёргарлик қилиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда айтилган муаммоларнинг сабаби ҳам, ечими ҳам профессионал кадрлар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ, деди давлатимиз раҳбари.

Касбга ўқитиш меҳнат бозоридаги талаб ва ёшлар қизиқишини ҳисобга олмасдан, мавжуд ўқитувчилар доирасида амалга оширилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ёшларнинг атиги 2 фоизи дуал таълим шаклида ўқитилади, вилоятдаги 30 минг корхонадан 350 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, холос. Натижада қуввати 28 минг ўқувчи бўлган коллеж ва техникумларга қабул 50 фоизга етмайди.

Шу муносабат билан қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага берилиши белгиланди. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва ускуналар харид қилишга сарфланади. Ягона шарт – бу ерда ёшларни касбга ўқитиб, ишли қилиш.
 
Мутасаддиларга бу имкониятдан фойдаланиб, бу йил 30 та коллеж ва техникумда хусусий ўқув курсларини бошлаш топширилди.

Мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ёшлар ишлаб чиқараётган товарларни давлат хариди платформаларида сотишдаги чекловни олиб ташлаш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?