Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда

16:54 13 Декабрь 2024 Сиёсат
380 0

Айни дақиқаларда Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.

Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилди.

Шунингдек, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилмоқда.

Хорижий шериклар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш йўлидаги янги саҳифа сифатида Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилиши бошланмоқда.

Бугун ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинади.

Энг муҳими – 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади.

Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.

Умуман олганда, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу – 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир.

Бу лойиҳалар ишончли ҳамкорларимиз бўлган “Масдар”, “Аква Пауэр”, “Акса энержи”, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан амалга оширилмоқда.

“Уларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир”, - деди Президент.

Шу муносабат билан тадбирда шахсан ва видеоалоқа орқали қатнашаётган Бирлашган Араб Амирликлари саноат ва илғор технологиялар вазири – “Масдар” компанияси директорлар кенгаши раиси Султон Ал-Жобир, энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, “Аква Пауэр” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян, “АКСА Энержи” компанияси бошқаруви раиси Жамил Казанчи, Хитойнинг “Чайна Энержи”, “Чайна Датанг”, Германиянинг “Хайпер партнерс” компаниялари вакилларига бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ва техник кўмак берган Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига алоҳида ташаккур айтилди.

Бугунги лойиҳалар бундан 8 йил аввал энергетика соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми экани таъкидланди.

Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон “яшил энергетика”да катта-катта қадамларни қўйди.

Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи субъектлар пайдо бўлди.

“Яшил энергетика” соҳасида бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилди.

Бунинг ҳисобига 2024 йилда “яшил энергия” улуши 16 фоиздан оширилди. Яъни, ўтган қисқа даврда экологик тоза энергия қувватларини йилига 2-3 карра кўпайтиришга эришилди.

Ўтган йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди.

Кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режа қилинган.

Ўз навбатида, келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 миллиард киловатт соатга етади.

Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган. Президент бу мажбуриятни 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Қолаверса, 2025 йил Ўзбекистонда “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер