Шавкат Мирзиёев «Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами» мавзусидаги анжуманда нутқ сўзлади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳурматли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун сизлар билан йирик генерация қувватларини ишга тушириш ва янгиларига старт бериш маросимида учрашиб турганимиздан беҳад мамнунман.
Ишонаманки, “Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами” деб номланган анжуманимиз нафақат энергетика тармоғи ривожи, балки мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти йўлидаги яна бир улкан амалий қадам бўлади.
Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз.
Биринчиси, барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш.
Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир.
Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Жами генерация қувватларида “яшил” энергиянинг улуши бу йил 30 фоизга етказилади.
Бундан ташқари, хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилди. Уларда шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Шунингдек, ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланди.
Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда. Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.
Биргина мисол. Норин каскад гидроэлектр станциясининг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилди.
Соҳа ривожига хизмат қиладиган қурилиш, электротехника ва сервис корхоналаримиз келгусида халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик миллий компанияларга айланишига албатта ишонаман.
Шу маънода, бугун ишга туширилаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Ангрен энерго” ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлаб берадиган “Uzhydopower” корхоналари катта истиқболга эга, десак, тўғри бўлади.
Қадрли меҳмонлар!
Энергетика соҳасида эришаётган улкан ютуқ ва марраларимизда сизлар каби салоҳиятли инвесторлар ва ишончли шерикларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизга катта сармоя киритаётган ва энг илғор технологияларни олиб келаётган Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий жанобларига, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор жанобларига, Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов жанобларига, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев жанобларига самимий миннатдорлик билдираман.
Шунингдек, Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Туркиянинг “АКSА”, “Cengiz Enerji”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang”, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Ray”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ва Қатарнинг “Nebras” компанияларига, бундан ташқари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари вакилларига чуқур ташаккуримни изҳор этаман.
Азиз дўстлар!
Бугун сизлар билан бирга соҳа ривожига жуда катта ҳисса қўшадиган, қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектларини ишга туширамиз. Яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берамиз. Хусусан, ҳудудларимизда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станциялар фойдаланишга топширилади.
Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказамиз. Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади деганидир.
Энг муҳими, тоза энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Бугун 1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизимини ҳам ишга туширяпмиз. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.
Ҳозир фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз.
Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун “Янги Ўзбекистон” массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.
АT, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компьютер кластери ва дата-марказлар сонини кўпайтирамиз.
Айни пайтда Саудия Арабистонининг “DataVolt” компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаганини айтиб ўтмоқчиман.
Бундай кенг кўламли ишларимиз электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади. Шу боис, яқин келажакдаги режаларимизга қисқача тўхталиб ўтаман.
Биринчидан, электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватлари ишга туширилади.
Натижада “яшил” энергиянинг жами генерациядаги улушини 54 фоизга етказамиз. Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида қиймати 3 миллиард 300 миллион доллар бўлган 3,5 минг мегаваттли “яшил” қувватларга старт берилаётгани бу йўлдаги катта қадам бўлади.
Янги қувватларни ягона энергия тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр тармоқлар тортилади. Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқлар ўтказилиб, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.
Иккинчидан, биз электр энергияси генерацияси йўналишидаги ислоҳотларимиз натижасида соҳага хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри жалб этишда катта тажриба орттирдик.
Жорий йилдан нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини қўллашни бошладик. Хусусан, Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича Туркиянинг “Акса Electric” компанияси билан келишувга эришдик. Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади.
Шундай тажриба асосида келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқарувини ҳам инвесторларга таклиф этамиз.
Учинчидан, аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларимизни жадал давом эттирамиз.
Янги йилда Хитой тажрибаси асосида 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади. Бу ижтимоий лойиҳа кенг жорий этилиб, 30 мингта камбағал оилага “яшил” энергия кириб боради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.
Тадбиркорларимиз ҳам сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, бу йил 40 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар қурдилар. Натижада 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва улар қўшимча даромад манбаига эга бўлишди.
Келгуси йилда 65 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар барпо этилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 80 мингта хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.
Тўртинчидан, яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион “ICRAFT” лойиҳасини бошладик. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Бунда карбон кредити тизимини йўлга қўйиб, халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришдик.
Таъкидлаш ўринлики, шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонамиз “яшил” энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Улар ишлаб чиқаришнинг 30 фоизини “тоза” энергияга ўтказгани ҳисобига халқаро бозорларда маҳсулотларининг жозибадорлиги кескин ошмоқда. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сонини 100 тага етказамиз.
Бешинчидан, сўнгги йилларда генерация қувватларини сезиларли равишда кўпайтирганимиз ҳисобига қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шерикликни мустаҳкамладик.
Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз.
Шу ўринда Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил йўлак” лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз.
Сўзимнинг якунида мазкур лойиҳаларда фаол иштирок этаётган энергетика соҳаси вакилларига, барча ишчилар, муҳандислар ва хорижлик ҳамкорларимизга яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик улкан куч-ғайрат ва омадлар тилаб қоламан.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг