Шаҳрисабзда «Аскар оналарни шарафлаймиз» тадбири ўтказилди

10:09 13 Январь 2026 Жамият
214 0

Шаҳрисабз туманида Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида «Аскар оналарни шарафлаймиз» деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз тумани бўлинмаси ҳамда ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қашқадарё вилоятидаги чегара ҳудудларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар, уларнинг оналари ва яқинлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда Ватан посбонлари учун муносиб шарт-шароит яратиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилганини таъкидладилар. Натижада ҳарбий хизматнинг нуфузи янада юксалиб, ёшлар ва фуқароларнинг бу соҳага бўлган қизиқиши ортди. Бугун фарзанди муддатли ҳарбий хизматни ўтаётгани ота-оналар ва яқинлар учун фахр ва ифтихор манбаига айланмоқда.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари залга бир гуруҳ аскар оналарининг кириб келиши билан боғлиқ бўлди. Соғинч ва қувончга тўлган учрашувда ҳарбий хизматчилар ва оналар бир-бирларига талпиниб, самимий туйғуларини изҳор этдилар.

— Андижон вилоятиданмиз, — дейди оддий аскар Фаррух Йўлдошевнинг онаси Маҳбубахон Тожибоева. — Ўғлим ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Бугун у ана шу орзусига етиб, юртимиз чегараларини қўриқламоқда. Она сифатида ўғлимнинг Ватан посбони эканлигидан ғурурланаман.

Тадбир якунида аскар оналарига ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер