Серқуёш Ўзбекистон «яшил» энергетикага пул тикмоқда — Euronews
Фото: Иллюстратив фото
Европанинг энг йирик халқаро янгиликлар канали – Euronews веб-саҳифасида «Серқуёш Ўзбекистон «яшил» энергетикага пул тикмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Унда қайд этилганидек, «Ўзбекистон 2030 йилгача 30 фоиз электр энергиясини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ўринда қуёш энергияси муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда қуёш энергияси соҳасидаги йирик лойиҳалар халқаро хусусий инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилмоқда».
Мақолада Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшил энергия соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.
Франциянинг Total Eren компанияси томонидан ишлаб чиқилган «Тутли» қуёш фотоэлектростанцияси Ўзбекистондаги илк қуёш электр станцияларидан бири сифатида таъкидланган. Келтирилган маълумотларга кўра, «Самарқанддан юз километр ғарбда жойлашган ушбу қуёш фотоэлектростанцияси 2022 йил июль ойида ишга туширилган. Лойиҳага йўналтирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми тахминан 100 миллион еврони ташкил этади. «Бу ерда ўрнатилган қуёш панеллари ҳар икки дақиқада ўз ўрнини ўзгартириб туради. Улар қуёш энергиясини максимал даражада тўплаш учун қуёш траекторияси бўйлаб ҳаракат қилади. Total Eren компанияси Ўзбекистонда қуёш энергияси билан боғлиқ лойиҳаларни кўпроқ амалга ошириш мақсадида мамлакатга энг янги технологияларни олиб келди», деб ёзади Euronews.
Ўқувчилар эътибори Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ҳам қаратилган. «Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар қайта тикланувчи энергия манбалари билан боғлиқ лойиҳаларга халқаро хусусий сармояларни жалб этишга йўл очди. Давлат «яшил» электр энергияси технологиялари харидига узоқ муддатли кафолатлар беради. Тендерлар халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилади.
Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида давлат-хусусий шериклигидаги (ДХШ) лойиҳаларни тузишда ёрдам беради.
Ўзбекистонда қуёш йилига ўртача 330 кун нур таратгани боис бу ерда қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Мамлакат келгуси йилларда қуёш энергиясидан максимал даражада фойдаланишга интилмоқда», деб хулоса қилади Euronews.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг