Серқирра истеъдод соҳиби

22:45 26 Февраль 2024 Жамият
31 0

Ҳаётнинг қайноқ нуқталарида ахборот излаш, янгиликларни оммага ҳаққоний етказиш, холис муносабат билдириш асосий вазифаси бўлган журналистика соҳаси вакиллари элга тез танилади.

Шундай устоз ҳамкасблардан бири Тўлқин Сиддиқовдир. У умрининг деярли эллик йилини журналистика соҳасига бағишлаган. “Андижоннома” газетасида эълон қилинган мақола, репортаж, очерклари орқали турмушимизда учрайдиган камчилик ва муаммолар, уларни бартараф этиш йўлларини тилга олган. Айниқса, спорт соҳасидаги публицистик чиқишлари билан ном қозонган. Шахсий архивидаги суратларда ўнлаб номдор чарм қўлқоп усталари, оғир атлетикачилар, курашчилар, уларнинг мураббийлари тасвирланган.

…Тадбиркорлик энди-энди тета-поя бўлаётган давр. Эркин фаолият юритишда муаммолар бисёр вақт. “Жаннат” масъулияти чекланган жамият Россиядан импорт қилинаётган талабгор маҳсулот ишлаб чиқаришга киришади. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ноўрин аралашуви боис корхона тўхтаб қолади. Шунда газетада “Жаннат”га ҳужум” номли мақола эълон қилинади. Узоқ суриштирув ва зиддиятлардан сўнг муаммо судда журналист ва корхона фойдасига ҳал бўлади.

Яна бир мисол. Қўрғонтепа туманида жойлашган от спорти клубининг ноқонуний ўзлаштирилиши юзасидан ёзган мақоласи бўйича ҳам судлашишга тўғри келган. Акс-садо берган чиқишлари орасида “Ҳаёни асранг, қизлар!» номли мақоласини айтиш ўринли бўлади.

Бадиий сўз ихлосмандлари орасида ҳам Тўлқин Сиддиқов ўз ўқувчиларига эга. “Лаҳзаларда ҳаёт сурати”, “Кунларнинг бирида” номли китобларига киритилган асарлари билан танишар экансиз, муаллиф турли жанрларда бирдек моҳир қалам тебратишига ишонч ҳосил қиласиз.

Қаҳрамонимизнинг шеърият бобида ҳам дурустгина тажрибаси бор. “Авесто” дея номланган катта теннис ишқибозлари клуби ташкил этилгач, Т.Сиддиқов спортнинг шу турига атаб шеър битади. Маҳаллий бастакорлардан бири уни куйга солади. Натижада асар клубнинг мадҳияси сифатида эътироф этилиб, турли мусобақаларда ижро этиб келинмоқда.

Дарвоқе, кекса журналист ҳозир ҳам теннис билан мунтазам шуғулланиб туради. Оқ-қора катаклар бўйича дона суриш борасида эса шахматчиларга муносиб рақиблик қилади.

Жамоат ишларида фаол Тўлқин Сиддиқов таҳририят томонидан ташкил этилган ҳамда Хотира ва Қадрлаш кунида ўтказиладиган енгил атлетика бўйича анъанавий эстафетани уюштиришга ҳар йили бош-қош бўлиб келган. Бу тадбир нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш, авлодлар мулоқотини мустаҳкамлашга, балки инсон қадрини улуғлашга қаратилган эди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган турли танловларда бир неча бор ғолиб бўлган. Шу ойда 75 ёшини қаршилаган Тўлқин ака Сиддиқов ижоддан тўхтамаган. Севимли машғулоти бўлган теннисни канда қилмайди.

Аъзамжон ҚОДИРОВ.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?