«Сени эслаймиз, унутмаймиз, китоб» ёки болага китоб бериш эсдан чиқяптими?

16:39 31 Август 2020 Жамият
3832 0

Фото: ЎзА

Қўшни қизга бағишлайман

Норвегиянинг кичик шаҳарчаларидан бирида китобга ҳайкал ўрнатилибди. Ажабо! Ҳайкалга «сени эслаймиз, унутмаймиз, китоб» деб ёзилган. Бу гўёки хотирлашга ўхшайди. Улар-ку китобга бўлган муносабатини шу тариқа билдирди, биз нима қилдик? Ёш боладай ҳали ҳам китобми, телефон деб тортишиб юрибмиз. Ваҳолонки, болага китоб бермаяпмиз... аввалгидай кўп китоб ёзмаяпмиз ҳам...

Бугун «Болам телефон кўп кўради, китоб ўқимайди. Ҳозирги китоблар бўлмабди, шу ҳам китобми?» дея таъна қиладиган одамлар кўпайиб кетган. «Ўғлим, китоб ўқи», дейдиган ота-оналар сероб. Телефон «мода»га кирган маҳал оёқ остидан чиқиб, китоб ҳақида ёзишим кўпчиликка ёқмайди. Чунки уларнинг ўзлари ҳам китоб ўқимайди.

Мазкур мақолани ёзишимга қўшни қиз сабаб бўлди. Бир сафар ундан қандай китоб ўқиётганини сўрасам, ғалати қилиб устимдан кулди, бу кулгуни ҳечам унутмайман. Дарсликдан бошқа китоб очиб кўрмаган шу авлод вакили мени тинчсизлантириб қўйди. Ҳозир халоватим ўзимда эмас. Китобда...

Китобнинг қадри, унинг нақадар инсон маънавияти учун озуқа эканлиги тўғрисида ёзиб ўтирмайман. Негаки, бу ҳақда кўп битилган. Жорж Луис Борхеснинг фикрига қўшилган ҳолда жаннат китобга ўхшаган жой бўлса керак, деб ўйлайман. Сабаби кўпчилик одамлар жонсиз деб билган китоблар уларга қанчалик саводсиз эканликларини исботлаб бера олади. Бугун бундай мисоллар жуда кўп...

Яқинда 35 минг аудиторияси бор контентда «Карантин вақтида болангиз, нима билан машғул?» сўровномаси ўтказилди. Унда 44 фоиз респондент ўғлининг телефон ушлаётгани, атиги 10 фоизи китоб ўқиш билан банд эканлигини маълум қилган. Китобни телефон деб билиб, уни ўқиётган шу авлодга келажак тақдиримиз боғланганини унутиб қўймайлик. Зеро, биз фақат бугун эмас, келажакда ҳам яшаймиз.

“Боланинг қўлига китобни мактабда бериш керак. Агар у китоб билан бирга улғайса, катта бўлса ҳам у дўсти бўлиб қолади. Мен "Китосеварлар" тўгарагига раҳбарлик қиламан. Тўгарагимга қатнаётган аксар ёшлар китобни маънавий завққа эмас, мақсад учун ўқийди. Кимдир “Spark” ютмоқчи, бошқаси ўқишга кириш нияти бор. Бу моддият учун китобга эҳтиёждан қўрқаман... Айрим давлатларнинг ҳали ҳам китобдан воз кечмаётгани мени ҳайрон қолдиради. Италияликлар 5 ёшдан сўнг болаларига телевизор кўришни чеклар экан. Японияда 7 яшар бола камида 10 та эртак билиши шарт ҳисобланади. Китоб ўқишга имкон қолдираётган, яратаётган давлатларнинг бу усулларни қўллаши бизга ҳам жорий этилса, ўз самарасини берар, балки ”, дейди кутубхоначи Раўшан Қутлимуратова.

Фаҳмлашимча, Раўшан опа китоб ўқишни анъана, қадриятга айлантириш керак демоқчи. Болани суннат қилиш, ўз вақтида мактабга бериш, 40 кун гўдакни чўмилтириш дастурига ўхшаб 5 ёшдан эртак ўқишини ҳам дастурга қўшиб, оммалаштирсак, кун келиб бу ишимиз самара берар. Вақт кўрсатар...

«Китобсиз билим йўқ, билимсиз китоб йўқ». Биз аксар ҳолларда фарзандимизни китобга қайтариш учун насиҳат усулидан кенг фойдаландик. «Китоб ўқи, ўқисанг одам бўласан» дея қулоғига қуйдик. Оқибатда, тафтологик сўзимизда қадр қолмади. Жанубий кореалик болаларнинг янги технологиялар даврида ҳам китоб мутолаа қилиши сирини излаб топдим. Интернетда ўқиган кореялик ота гапларидан буни англагандайман. Ушбу кичик ҳикоянинг сўзма-сўз таржимасини келтираман: “Болам китоб ўқимай қўйди. Дарсдан келса, компьютери олдидан силжимайди. Унинг келажаги мени ташвишга солади. Ўғлимга китоблар совға қиламан, қизиқ воқеалар айтиб бераман. У маъносиз эшитарди мени. Бир куни мен ота сифатида болам тарбиясида қаттиқ янглишаётганимни сездим. Ишдан келсам, китоб ўқишни одат қилдим ўзимга. Тўғри, юмушдан чарчаб келиб, дам олгим, чўзилиб ётгим келади. Аммо бу халоватдан ҳам муҳимроқ нарса бор эди. Ҳар куни китоб ўқидим. Болам беташвиш, бепарво эди. Орадан 2 ой ўтиб, у мендан «нима қиляпсиз», деб сўрай бошлади. 4 ой ўтгач «қандай китоб бу», деди. 6 ой ўтиб, «ичида нима бор», 2 йил ўтганда ўзи ҳам китоб ўқий бошлади. Бу кичик экспериментни барча оталарга тавсия қиламан. Синалган”...

Китоб ўқишга қизиқтиришнинг усуллари бор. Насиҳат, кўрсатиш, исботлаш методлари доимо ўзини оқлай бермайди. Бугунги кунгача ҳамма учун ягона, самарали усул ўйлаб топилмаган. Олимларнинг айтишича, болага кўпроқ таъсир кўрсатувчи шахс — она. Демак, китобга ҳам меҳрни она уйғотади. Негаки, бола учун онасидан кучли, ундан идеал одам бўлмайди дунёда. Она китоб ўқимаса, болада айб йўқ. Уларни койишга ҳожат ҳам...

Ўтган ой журналистлар йиғилган веб-гуруҳда китоб мутолааси ҳақида фикрлашдик. Қуўатбай Хожанов деган журналист 2-синф ўғлига дўкондан ёшига яраша сотиб олган китобларини чой устида турмуш ўртоғи билан реклама қилишини айтди.

— Бу китобни онанг билан ўқишга вақт йўқ, ишдан ортмаймиз. Сен ўша эртакларни ўқиб, бизга айтиб бергин”, деб ўғлимга топшириқ берамиз. У тунда бизга эртак айтади. Бу оиламиз учун зўр тажриба бўлди, — дейди журналист.

Хўжайлидаги 33-мактаб ўқитувчиси Нурзада Сержанова ўзининг ўқувчилар учун синф кутубхонасини очганини ёзди.

— Мактабимиз кутубхонасида қорақалпоқча китоблар камнамо, болалар излаган асарини тополмай ҳалак, — дейди у. — Бу муаммони тегишли одамларга айтиб чарчадик. Нон пишмагач, уйдаги бор китобимни синфга олиб келдим. Қўл-оёғи чаққон бир болани синф кутубхоначиси этиб сайладим. Болалар бир биридан ранг олар экан, китоб ўқияпти. Уларга дарс вақтида бир асарни ҳикоя қилиб, энг қизиқ жойига келганда тўхтатаман. Ўқувчилар ўзлари қизиқиб, шу китобни топиб ўқишади. 25 йиллик педагог сифатида болага ўзимиз намуна бўлсак, ота-оналари ҳам бизга ёрдам берсалар болалар китобга, албатта қайтади.

Болани китобга олиб киришнинг усуллари турфа. Аслида, китобга қизиқмайдиган бола бўлмайди, қизиқтира олмайдиган «катталар» бўлади. Ҳар қандай даврда, шароитда ҳам китоб ўқилган, ўқилаверади. Интернет 10 “G”да ишласа ҳам, ҳамма нарса электронлашса ҳам, китоб архивлашмайди. Китоб ўқимасликка минг баҳоналар топилганда ҳам, уни ўқиш учун ягона чора топилади.

"Ишим кир ювиш. Кун бўйи ишлаб толиқаман. Келсам, қизим дарсда билмаган нарсаларини мендан сўрайди. Чарчаб турибман, деб қайтарган вақтларим бўлган. Ўғлим эртак китобларга қизиқарди. Ундаги воқеалар бўйича изоҳ сўраса, бошимни оғритма», деб жеркиб берганларим ёдимда. Ҳозир пандемия сабабли уйдаман, аммо ўша йўқотилган вақтимни ортга қайтара олмаяпман, на ўғлим, на қизим мендан ҳозир сўрайди. Улар китоб ўқимай қўйган”, — дейди Т. Айтмуратова.

Шу ўринда бир эколог ўқитувчининг айтган гаплари эсга тушади. Айни пайтда бир кунлик 24 соат 18 соатга қисқарибдимиш. Ер ўз ўқидан чиқиб кетганга ўхшайдики, вақтни ушлаб бўлмаяпти. Ота-оналар ишда, уйга келиб ҳам ҳеч нарсага улгурмаётгандек. Кўча тозалайдиган опанинг таъбири билан айтганда, «ўғлимдан китоб сўраш тугул, чойимни базўр ичаман». Демак, ота, она ишда бўлса, уларга тарбия бериш зиммаси биз, журналистларнинг елкасига ҳам «ўтяпти». Болаларнинг телевизор кўп кўришини ҳисобга олсак, китобга чақирадиган кўрсатувлар кўпайиши керак. Сифатли, қизиқарли, интерактив дастурлар, албатта, бўлиши шарт...

— Яқинда дарсимда талаба қизнинг гапини эшитиб, ҳайрон қолдим, — дейди она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Г.Бекниязова.​ — Айтишича, ўқиётган китобларидан ўзи, ҳаёти ва дўстлари тақдирини кўрмасмиш. Яна бир талаба эса «ҳадеб тарихга қайтаверамизми энди, бугуннинг ҳақиқати қаерда китоблардаги», дея пичинг қилади менга. Уларга ҳеч нарса деёлмадим. Деёлмасдим ҳам. Қачонки, бугун китобларга тушмаса, болаларни китобда узоқ вақт олиб қолиш амри маҳол. Шу ўринда яна бир гап: “Агар сиз ўқишни хоҳлаган китоб ҳали ёзилмаган бўлса, демак, уни ёзишни бошлашингиз керак.

«Бугунги ёшларнинг ичида гап турмайди, шартта айтади», деб шуни айтсалар керак одамлар. Билишимча, нашр қилинаётган китоблар етарли. Муқовасидан қўлинг кўринадиган китоблар ҳам бор орасида. Нашриётлардан чиқаётган китобларнинг сифати, маъносига жавобгарлик қай даражада эканлиги қизиқтиради кўпчиликни...

Н.Берн «Йўқотилган авлод» асарида келажакни фақат тарбия қутқара олади, деган ечимга келади. Тарбияни эса учталик ташкил этади: ота-она, жамият, китоблар.

Фикрларимни ортиқ давом эттиролмайман. Чунки айтилажак гап кўп, вақт йўқ. Охирги гап: «Агар ўзингизни келажакда бахтиёр кўришни хоҳласангиз, болангизга китоб беринг»... Китоб...

Қумар Бегниязова,
журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?