Сенаторлар маъқуллаган қонунга асосан аграр соҳадаги суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиларини суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мазкур тармоқда иқтисодий ўсиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини оширишда катта аҳамиятга эга.
Шу билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг таваккалчи соҳаларидан бири бўлиб, иқлим ўзгариши, табиий офатлар, зараркунандалар, бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар ва бошқа хавф-хатарлар маҳсулот етиштирувчилар учун катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Таҳлиллар аграр тизимнинг ишлаб чиқариш узлуксизлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашда хатарларни бошқаришнинг энг самарали усули суғурта эканлигини кўрсатмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ҳосилига зарар етказувчи (табиий офатлар оқибати) ҳамда нобуд қилувчи (кучли ёмғир, дўл, сув тошқини, довул ёки зараркунандалар) омиллар сабаб жиддий иқтисодий зарар кўрмоқда.
Соҳада асосан кредитни қайтармаслик хавфини суғурталаш амалиёти кенг фойдаланилаётган бўлсада, бундай суғурта фақат имтиёзли кредитларни қайтарилишига хизмат қилиб, етиштириладиган ҳосил суғуртасиз қолиб кетмоқда.
Мазкур Қонунда қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш билан боғлиқ барча масалалар ва тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар қамраб олинган.
Жумладан, ишлаб чиқарувчиларни турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш ва барқарор даромад олишни кафолатлаш учун Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, соҳанинг суғуртадаги йўқотишларни баҳолаш, суғурта ҳодисалари бўйича етказилган зарар миқдорини аниқлаш мустақил экспертлар томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталашда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми яратилмоқда.
Хусусан, суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши, суғурталанган табиий офатлар ва бошқа хатарлардан кўрадиган зарарларни қоплаш учун Қишлоқ хўжалигини суғурталаш жамғармасининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда унинг қолган қисми республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.
Суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг хавф-хатарлар туфайли етказилган зарарларининг ўрнини қоплашда ҳуқуқий асос бўлади. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши йўлга қўйилади. Таваккалчиликларни суғурталашда суғурта муносабатларини тартибга солиш ва назорат қилишнинг ягона тизими яратилади. Шу тариқа ишлаб чиқарувчиларининг иқтисодий барқарорлиги таъминланиб, турли хавф-хатарларнинг молиявий таъсирини камайтириш имкони пайдо бўлади ҳамда инвестициявий жозибадорлик ортиб, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланади.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг