Сенатор кўмагида «Авесто» музейи экспонатларининг «маълумотлар базаси» яратилди

11:14 14 Октябр 2020 Жамият
2565 0

Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳар Дурдиевага хоразмлик ўлкашунос Комилжон Нуржанов томонидан йиғилган 5000 га яқин ноёб экспонатлар турли таъсирлардан емирилиб бораётганлигини билдириб, бу борада кўмак берилишини сўраган.

Таъкидлаш жоизки, К.Нуржанов раҳбарлигида 50 дан зиёд тарих ва ўлкашунослик мавзусида рисола, брошюралар эълон қилинган. «Авесто ворислари», «Амударё», «Манғитлар тарихи» каби рисолалар шулар жумласидан.

Маълумки, ЮНEСКО томонидан «Авесто» китоби ёзилганлигининг 2700 йиллиги кенг нишонланганди. Урганч шаҳрида 20 гектарлик боғ мажмуа бунёд этилиб, ёдгорлик монументи ўрнатилган. Қолаверса, 2001 йилда «Авесто» боғ мажмуасида «Авесто» музейи ташкил қилинган эди.

Ноёб экспонатлар орасида эрамиздан аввалги оссурийлар, Хоразм ёзувидан намуналар, Алишер Навоийнинг «Хамса» асари достонлари қўлёзмаси, 2-3 минг йиллик археологик топилмалар, безаклар, тангалар, расм, портрет ва бошқа қимматли ҳужжатлар мавжуд. Аммо уларнинг айримлари атроф-муҳитнинг салбий таъсири ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб йўқолиб кетмоқда. Баъзан ушбу экспонатларни номаълум шахслар томонидан ўғирлаш ҳолатлари ҳам содир бўлмоқда.

Шу жиҳатдан сенатор Г.Дурдиева ташаббуси билан махсус грант лойиҳаси тайёрланди. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Давлат гранти 4-танловида қатнашиш учун - “Урганч шаҳридаги «Авесто» музейининг экспонатлари бўйича инновацион электрон маълумотлар базасини тайёрлаш” мавзусидаги грант лойиҳаси тақдим этилди.

Ушбу лойиҳа бўйича халқаро «Олтин Мерос» жамғармаси Хоразм вилояти бўлими ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўртасида шартнома тузилди ва амалий ишлар бошланди.

Ҳозирда «Авесто» музейидаги атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб бораётган ноёб музей экспонатларни келгуси авлодларга ўз ҳолида етказиш мақсадида талаб даражасида таъмирланди. Қолаверса, 5000 га яқин турли топилма, ҳужжат ва архив материаллари бўйича инновацион тизим, яъни электрон тарздаги «Маълумотлар базаси» тайёрланди.

Мухтасар қилиб айтганда, кўҳна Хоразм тамаддунига доир бўлган музейдаги кўҳна маданиятга доир – инновацион, электрон шаклда тайёрланган «маълумотлар базаси»дан нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам фойдаланиши учун имкон яратилади. Бунинг натижасида ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони ошади, халқаро ва ички туризм ривожланади, десак муболаға эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?