Сенат Раиси Сирдарё вилоятида бўлди

18:33 20 Февраль 2024 Сиёсат
185 0

Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Сирдарё вилоятининг Гулистон, Боёвут, Мирзаобод туманлари ҳамда Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, иқтисодиёт объектлари, маҳаллаларда бўлиб, аҳоли вакиллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бевосита мулоқотлар ўтказди.

Бугун аҳоли соғлиғини сақлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимизнинг ижтимоий йўналишда амалга ошираётган ислоҳотларининг устувор қисмига айланган. Бунда албатта, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантириш муҳим восита саналади. Сенат Раиси вилоятга амалий ташрифини Гулистон шаҳрида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган веломарафондаги иштирок билан бошлади.

Мазкур мусобақа шаҳардаги И.Каримов ва Гулистон кўчалари бўйлаб ўтказилиб, иштирокчилар қарийб 3 км бўлган масофани велосипедда босиб ўтишди.

Меҳнат жамоалари, маҳалла аёллари ва уй бекалари ўртасида ўтказилган ушбу беллашув ғолибларини тақдирлаш маросимида Сенат Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева бугунги кунда юртимизда спортга берилаётган эътибор, спортнинг оммавийлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, чекка-чекка ҳудудларда ҳам барча жаҳон андозаларига тўла мос келадиган спорт иншоотлари барпо этилиб, аҳоли ихтиёрига топширилаётганлиги, аёлларимиз бундан унумли фойдаланган ҳолда мунтазам спорт билан фаол шуғулланишлари ва буни ўз маҳалларида ҳам доимо тарғиб қилишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Мусобақа якунига кўра ғолиб ва совриндорлар ҳамда турли номинациялар соҳибаларига эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг Т. Норбоева Гулистон шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган “Она ва бола саломатлиги” илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашди.

160 ўринга мўлжалланган масканда фаолият юритаётган шифокорлар билан кечган суҳбат давомида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ва уларнинг репродуктив саломатлигини тиклаш, эрта туғруқларнинг олдини олиш, дунёга келган ва туғилажак гўдаклар ва уларнинг оналарига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида марказ ва унинг туманлардаги филиалларида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида оналар ва болалар саломатлиги учун масъул бўлган соҳа ходимлари олдида турган вазифалар ҳамда сифатли тиббий хизматни ташкил этишда юзага келаётган масалалар юзасидан шифокорларнинг фикр-мулоҳазаларига эътибор қаратилди. 

Муассаса ходимлари скрининг кўрикларини ташкил этиш, илғор тажрибаларни қўллаш, кадрлар малакасини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш йўналишларида қатор таклифларни билдириб ўтдилар.

Гулистон туманига ташриф доирасида “Зарбдор” маҳалласи ҳудудида жойлашган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган  “Нурли маскан” мактаб-интернатида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар, дарс жараёнлари билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан самимий суҳбатлашилди. 2022 йилда ташкил этилган 176 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда айни пайтда 110 нафар  ўқувчига таълим берилмоқда.  

Эътиборли жиҳати, таълим масканида ўқувчиларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли тўгараклар ҳам ташкил этилган. Ўқувчилар таълим олиш билан бир пайтда пазандачилик, тўқувчилик, рўзғорда керак бўладиган турли буюмларни ясашга ҳам ўргатилмоқда. Бундан ташқари адабий-бадиий тўгараклар болаларнинг иқтидорини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда. 

Сенат Раисининг навбатдаги ташриф манзили Боёвут туманидаги "Учтургон" маҳалласида жойлашган 1-сонли спорт мактаби бўлди. Бу ерда спортчиларнинг шуғулланиши учун яратилган шароитлар, спорт бўлимларининг фаолияти билан танишиш асносида спортчи ва мураббийлар,  туман “Чавандозлар мактаби”да шуғулланаётган чавандоз аёллар билан самимий суҳбат қурилди. Маҳалла еттилиги фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. 

Шунингдек, Боёвут тумани ҳокимлигида Боёвут, Ховос туманлари ва Ширин шаҳри депутатлари билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз Президенти томонидан яқинда имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифаларга эътибор қаратилди.

Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилгани таъкидланди.

Шу билан бирга жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш  мақсадида таълим, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилаётгани айтиб ўтилди.

Ўз навбатида депутатлар маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Кейинги йилларда Сирдарё вилояти саноатлашиб бормоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиб, йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда албатта, энергияга бўлган талаб ҳам табиий равишда ошиб боради.   

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 августдаги “Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ширин шаҳрида Саудия Арабистонининг «АCWА Power» компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган электр станцияси  ана шу талабни қондириши билан аҳамиятли. Т.Норбоева вилоятга ташрифи давомида станция фаолияти билан яқиндан танишди. 

Айни пайтда Сирдарёда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллалардаги фаол хотин-қизлар ўртасида “Сен азиз ва муқаддассан аёл” шиори остида кўрик-танлов ўтказилмоқда. Сенат Раиси Ширин шаҳридаги Ёшлар марказида 10 та йўналиш бўйича ўтказилган шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди. 

Тадбирда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган танлов ғолибларига фахрий ёрлиқ, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Шундан сўнг Ширин шаҳар “Ватанпарвар” маҳалласи фаоллари ва ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган ҳарбийларнинг оилалари билан учрашув ўтказилди.

Суҳбат чоғида маҳалла еттилиги фаолияти, хотин-қизлар фаолининг иш самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган намунавий тизим асосида амалга оширилган ишлар, фарзандлар тарбияси, оилалар тотувлиги ҳақида сўз борди. 

Бугунги кунда вилоятда 78 минг нафар нуроний истиқомат қилади. Т.Норбоева Мирзаобод туманида “Нуронийлар маскани”нинг очилиш маросимида иштирок этиб, ёшлар тарбиясида нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли  фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги иштироклари хусусида  дилдан суҳбат қилинди. Ташрифнинг навбатдаги манзили Сирдарё тумани “Ширин” маҳалласидаги  “Сирдарё Мега Лух” масъулияти чекланган жамияти бўлди. 

Полипропилен қоп ва плёнка, нотўқима мато маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 30 млн долларни ташкил қилади. Корхона томонидан 2024 йилда қиймати 75 млн долларлик янги инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер