Сенат Раиси мамлакат ёшлари вакиллари билан бевосита мулоқот ўтказди

20:11 25 Декабрь 2023 Сиёсат
1110 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенатида Ёшлар форуми доирасида Сенат Раиси билан “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар, турли соҳалардаги ташаббускор, фаол ва иқтидорли ёшлар ҳамда давлат мукофоти совриндорлари ва стипендиантлари иштирок этди. Мазкур тадбир орқали мингга яқин ёшлар қамраб олинди.

Сенат Раиси Т.Нарбаева мулоқот давомида ёшларга оид давлат сиёсати бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишлар, ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, устувор вазифалар ҳамда қонунчиликдаги янгиликларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги 6 йил мобайнида ёшлар сиёсатига доир 106 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланди ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилди.

Ушбу ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи том маънода давлат сиёсатига айланганидан далолат бериши айтиб ўтилди.

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ бўлиб, жами аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Бундай улуш ҳар қандай ривожланаётган давлат учун беқиёс бойлик манбаи ҳисобланади.

Президент ташаббуси билан барча йўналишларда, жумладан таълим, тадбиркорлик, ижтимоий кўмак ва бошқа соҳаларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи янги даражага олиб чиқилгани эътироф этилди.

Жумладан, олий таълим қамрови сўнгги 6 йилда 4 баробарга ошди (9 фоиздан 38 фоизга). 151 минг талабага 1,7 триллион сўм имтиёзли таълим кредитлари берилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим - “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Шу йилнинг ўзида 282 минг нафар ёшларга 416 млрд сўмлик ёрдам кўрсатилди. Республика бўйича 124 минг нафар ёшлар касб-ҳунарга, 133,8 минг нафари эса тадбиркорликка ўқитилди.

Ёшлар тадбиркорлигини кредитлашнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бугунга қадар 253 минг 789 нафар ўғил-қизларга 6,2 триллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

.Ушбу амалий ишлар натижасида охирги 6 йилда мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар 8 баробарга кўпайиб, уларнинг сони 750 мингдан ошди.

Ёшларимиз ҳам яратилган мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамиятда ўзини тўла намоён этмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли, фидойи ёшларнинг 758 нафари турли давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилганлиги ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва саводхонлиги, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунчилик жараёнларига ёшларни жалб қилиш борасида муҳим аҳамият касб этаётганига тўхталиб ўтилди.

Сенат Раиси мулоқот давомида ёшларнинг айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигига тўхталди.

Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ва Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқилаётган қонунлар бўйича ёшлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, ёшлар ўзларининг муҳим масалалари юзасидан фикрлари, ғоялари ва таклифларини Ёшлар парламентидаги вакиллари орқали Сенатга ва унинг қўмиталарига етказиб боришлари, ёшлар сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, хорижий мамлакатлар ёшлари билан алоқалар ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, парламентда, маҳаллий Кенгашларда ёш депутатлар салмоғини йигит-қизлар сонига мос равишда ошириб бориш шулар жумласидан.

Мулоқот давомида турли соҳа вакиллари бўлган ташаббускор, фаол ва иқтидорли ёшлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати бўйича олиб борилаётган самарали ишлар ҳамда унинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, Сенат билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш ҳамда доимий алоқада бўлиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурдилар.

Ёшлар бу каби учрашувлар анъанавий тарзда мунтазам ташкил этилишидан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?