Сенат Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганиш олиб бормоқда

08:46 07 Октябр 2021 Сиёсат
243 0

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенат Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ аёллар бандлигини таъминлаш, уларга яратилган шароитларни яқиндан ўрганиш, “Аёллар маслаҳат кенгаши” аъзолари ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ дастлаб, Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди. Бундан 6 ой муқаддам фаолиятини бошлаган ушбу марказда касбга ўқитиш, хорижий тилларни ўрганиш, рақамли технологиялар, тадбиркорлик каби 6 та хизмат кўрсатиш тури мавжуд.

Мономарказда 5 та йўналишда 24 турдаги касбга ўқитилади. Тингловчиларнинг асосий қисми иш билан банд бўлмаган хотин-қизлардан иборат. Ўқув курсларини тамомлаган тингловчиларнинг 35 нафари “Темир дафтар”да,  385 нафари “Аёллар дафтари”да, 125 нафари “Ёшлар дафтари”да турган фуқаролардир. Мономарказда касб-ҳунар эгаллаб тегишли сертификатга эга бўлган тингловчиларнинг 415 нафари ўзлари эгаллаган касб бўйича ишга жойлашдилар. Ҳозирги кунда мономарказда 300 нафарга яқин тингловчилар ўқишни давом эттирмоқдалар.

Сенат Раиси марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, ишсиз аёлларни ўқув курсларига кенгроқ жалб қилиб касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредитлаш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш бўйича зарур тавсиялар берди. Ишчи гуруҳ аъзолари шунингдек, Урганч туманидаги  “Улли ҳовли” мажмуасидаги “Туркманлар” маҳалласида истиқомат қилувчи туркман аёллари ва “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар билан учрашди. 

Ушбу тарихий мажмуа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2018 йилларда қайта таъмирланиб, юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланган. Мажмуада маҳалла хотин-қизлари халқ ҳунармандчилигининг 7 та тури бўйича уста-шогирд анъаналари асосида фаолият олиб борадилар. Энг муҳими, ўзбек ва туркман миллати вакиллари ҳамжиҳатликда, тотувликда яшаб, меҳнат қилиб келмоқдалар.

Учрашувда куни кеча Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг Тошкентдаги олий даражадаги мулоқотлари чоғида имзоланган қатор ҳужжатлар ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Ташрифнинг навбатдаги манзили Янгибозор туманидаги “Очақалъа” маҳалласи гузари фаолияти билан танишув ҳамда “Аёллар маслаҳат кенгаши” аъзолари ва фаол хотин-қизлар билан учрашув бўлди. Сенат Раиси туман маънавият ва маърифат марказининг янги кутубхонаси очилиши тадбирида иштирок этди. 

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Гурлан туманидаги Кенгашлар уйида депутатларга яратилган шароитлар билан танишди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан учрашиб, уларнинг фаолиятига доир айрим масаллар бўйича тавсиялар берилди. Мулоқотда депутатларнинг ҳам бир қатор таклифлари тингланди. Йиғилишда маҳаллий бюджетни самарали ва адолатли сарфланиши устидан назорт қилиб бориш, Сенат томонидан белгилаб берилган 30 дан ортиқ масала юзасидан туман мутасадди раҳбарларининг ҳисоботларини ўз вақтида эшитиб бориш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда "Аёллар дафтари" бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Аёллар масаласи билан боғлиқ ташкилот ходимлари ва сектор раҳбарларига оилавий ажримларни камайтириш, низоларни вақтида бартараф этиш ва туман аёлларининг сиёсий ва ижтимоий майдондаги ролини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек аёллар дафтарига киритилган тикувчилик бўйича махсус ўқув курсларини тамомлаганларга тикув машиналари топширилиб, истеъдодли ёшлар фаолиятига доир бадиий кўргазма билан танишилди. 

Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг вилоятга ташрифи давом этмоқда.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?