Сенат қўмитаси мажлисида йўл қурилиши ва қонунчиликдаги ўзгартишлар муҳокама қилинди

15:00 22 Май 2025 Сиёсат
469 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

2025 йил 22 май куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб Хоразм вилоятида автомобиль йўллари қурилиши ва таъмирлаш сифати бўйича амалга оширилаётган ишлар, парламент назоратини кучайтириш мақсадида олиб борилган ўрганишлар натижалари юзасидан Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбарининг ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, 2022–2024 йилларда вилоятда 3 062 км йўл ва 64 та кўприк қурилган, реконструкция қилинган ҳамда таъмирланган. «Ташаббусли бюджет» доирасида эса 140 та лойиҳа учун 131,3 млрд сўм йўналтирилиб, 193,2 км йўл таъмирланган.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил ва жойлардаги мулоқотлар вилоятда йўл инфратузилмаси соҳасида ҳали ҳам қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан, 9 025 км умумий фойдаланишдаги ва ички хўжалик йўлларининг 33,3 фоизи, 1 612 та кўприкнинг 40 фоизи таъмирталаб, 13 фоизи эса яроқсиз ҳолатда экани аниқланган.

Молиявий таъминотнинг етарли эмаслиги, юк машиналарининг белгиланган меъёрлардан ортиқ юк ташиши мавжуд муаммолар сифатида кўрсатилди. Масалан, 2024 йилда йўлсозлик ишларига зарур маблағнинг атиги 26 фоизи ажратилган.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқиш, транспорт воситаларига қўйиладиган талабларда ўзгаришлар киритиш ва қурилиш ҳужжатларини янгилаш назарда тутилган қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда энергия ресурсларини кам миқдорда талон-торож қилиш ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик учун жазо чоралари кучайтирилади.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга эса шартнома асосидаги мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган вақт бирлиги учун пеня ундирилишини белгиловчи норма киритилмоқда.

«Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда йодланган туздан мажбурий фойдаланиш, унинг ишлаб чиқарилиши ва реализацияси бўйича тартиблар аниқ белгиланмоқда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу йўналишдаги ваколатларига аниқлик киритилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Мажлис якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмита томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?