Ўзбекистон — Покистон: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли дўстона алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон — Покистон муносабатлари, айниқса, иқтисодий йўналишда янги суръат билан ривожланаётганини кўришимиз мумкин. Бунда икки давлат иқтисодиётининг ўзаро рақобатчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи экани муҳим омил бўлмоқда. Шу маънода, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага кўтариш учун катта имкониятлар мавжуд.
Аввало, Покистоннинг жуғрофий жойлашуви Ўзбекистонга Араб денгизига чиқиш учун энг қисқа савдо йўналишини тақдим этади. Покистон орқали савдо қилиш Ўзбекистон учун денгизга чиқишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Худди шундай, Марказий Осиё бозорлари билан ўзаро муносабатларни кенгайтиришга хизмат қиладиган алоқаларни ўрнатиш Покистоннинг асосий мақсадларидан бири.
Икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқотлари туфайли алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 1 млрд. долларга етказиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинган. Аввало, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, логистика, инфратузилма ва туризм соҳаларида ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг ўтган йили Тошкентга ташрифлари доирасида ўтказилган бизнес-форумлар, тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотлар чоғида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари, банк-молия, кимё саноати ва бошқа йўналишларда ўнлаб савдо ва инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришилган эди. Бу лойиҳаларнинг барчаси саноат кооперацияси дастурига киритилиб, қатъий назоратга олинган. Шунингдек, олий даражали ташрифлар чоғида имзоланган ҳамда кучга киритилган Транзит савдо ҳамда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар икки халқнинг фаровон ҳаётини таъминлашга, миллий иқтисодиётларимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қиляпти.
Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли бизнинг умумий келажагимиздир. Бу йўл битса Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлак яратилади. Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган, “аср лойиҳаси” деб аталаётган мазкур темир йўлни қуриш нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақа халқлари умумий равнақига ҳисса қўшади. Натижада минтақавий савдо, иқтисодий ҳамкорлик ривожланади. Темир йўлнинг узунлиги тахминан 760 километр бўлиб, учта давлатни бир-бири билан боғлайди. Трансафғон темир йўли ишга тушгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш муддати 35 кундан 3 — 5 кунгача қисқаради. Битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробар арзонлашиши кутилмоқда. Бундан ташқари, яна бир транспорт йўлаги лойиҳаси устида иш олиб бориляпти. Бу Беларусь, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон орқали ўтувчи мультимодал транспорт йўлагини яратиш бўйича келишув бўлиб, мазкур лойиҳа орқали ҳам юк ташиш жараёни осонлашади, вақти қисқаради.
Ҳозирда Покистон Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда ШҲТ доирасида терроризм ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда иштирок этмоқда. Дунёда геосиёсий кескинлик кучайган, терроризм бош кўтараётган бир пайтда бу борадаги алоқалардан ҳар икки томон ҳам манфаатдор. Шу маънода, Афғонистонда доимий тинчлик ва барқарорлик бўлиши муҳим. Гап шундаки, узоқ йиллар Афғонистон омили Покистоннинг Марказий Осиёдаги манфаатлари ва улар билан қалин шериклик муносабатлари йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб келган. Энди эса тинч Афғонистон имкониятлар ўлкасига айланяпти. “Жануб сари йўл” — Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистон портларига чиқиш, қолаверса, жанубимизда жойлашган қарийб икки миллиард нуфусга эга бозорга кириш имконияти, дегани. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги кўп векторли форматга ўтиши иқтисодиётимизнинг логистик жиҳатдан қарамлигига барҳам беради.
Очиғини айтганда, 2016 йилгача Марказий Осиё мамлакатларида Исломободга нисбатан эҳтиёткорона муносабат мавжуд эди. Минтақа давлатлари расмийлари Афғонистондаги нотинчликдан хавотирда экани вазиятни янада мураккаблаштираётганди. Аммо давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг очиқликка ва прагматизмга асосланган ташқи сиёсати туфайли ҳаммаси ўзгарди. Афғонистонда қарор топган бирмунча осойишталик ва тинчлик Марказий Осиё давлатлари ҳамда Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини яратди. Баъзи иқтисодий лойиҳалар аллақачон амалга оширилмоқда. Логистика, бизнес, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб боряпти.
Маданий-гуманитар соҳа шерикликнинг энг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Қадимий Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих ва бой маънавий мерос чамбарчас боғлаб туради. Ҳар икки мамлакат ҳам фан, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшларга оид дастурларни амалга ошириш тарафдори. Ўзбекистонда йил сайин урду тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётир. Покистонда ҳам Исломобод замонавий тиллар университети, Панжоб ва Пешовар университетлари каби олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзаро таълим дастурлари доирасида икки давлат университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Ўзбекистон раҳбарининг тўрт йил олдин Исломободга ташрифи давомида салмоқли ҳужжатлар тўплами, жумладан, Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида қўшма декларация имзоланган эди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар белгилаб олинган. Маънавий илдизлардан куч ва илҳом олаётган алоқалар халқларимизнинг орзу-интилишларига, икки давлат ўртасидаги улкан режаларга мос равишда янги марраларга кўтарилмоқда. Масалан, 2025 йил 3 январь куни Карачи шаҳрида “UzbekPak International Trading Centre” савдо уйи ва “UzbekPak Cultural Centre” маданий марказининг очилиши минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва инвесторлар учун зарур маълумотлар тақдим этишга хизмат қилади.
Туризм мамлакатларимиз салоҳиятидан фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Туристик оқимни рағбатлантириш мақсадида икки давлат ўртасида виза тартиби енгиллаштирилди, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Бу ўзаро алоқаларга янгича мазмун бахш этади. Ишбилармонлар учун вақт энг қимматбаҳо неъмат, қайта тикланмас ресурс ҳисобланади. Очилаётган янги ҳаво йўллари икки мамлакат тадбиркорларининг қимматли вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради ва янги қўшма лойиҳаларга замин яратади.
Яна бир эътиборли жиҳат. Покистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришига хайрихоҳ. Бу борада 2024 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон ва Покистон ўртасида мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлаш тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат ЖСТга қўшилиш жараёнида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро савдо тизимига интеграция бўйича мамлакатнинг жиддий саъй-ҳаракатлари тан олинишини тасдиқлайди. Ўзбекистон Покистон учун Марказий Осиё бозорига кириш йўлида дарвоза, шунингдек, Россия ва Европага чиқишда муҳим транзит давлат ҳисобланади.
Покистон — аҳоли сонига кўра дунёнинг бешинчи йирик мамлакати. Ялпи ички маҳсулоти харид қобилияти паритети бўйича дунёда 23-ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, Покистон тўқимачилик саноати, буғдой, пахта, шоли етиштириш борасида етакчилардан. Ахборот технологиялари сектори ҳам катта салоҳиятга эга. Бу соҳаларда мамлакатларимиз ҳамкорлиги бир-бирини тўлдирувчи бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда Покистон Жанубий Осиёда шаклланган минтақавий хавфсизлик вазияти, шунингдек, ички ва ташқи омиллар туфайли иқтисодий ноаниқлик, сиёсий беқарорлик ва чуқур ижтимоий номутаносиблик каби ўзаро боғлиқ муаммоларга дуч келган муҳим чорраҳада турибди. Покистоннинг янги ҳукумати ушбу муаммолар долзарблигини тан олган ҳолда, Бош вазир Шаҳбоз Шариф раҳбарлигида иқтисодий ўзгаришларни назарда тутган улкан лойиҳаларни бошлаган. 2024 — 2035 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган иқтисодий ўзгаришлар режаси — “URAAN Pakistan” эълон қилинди. Мамлакатни дунёнинг етакчи иқтисодиётларидан бирига айлантириш мақсади жамланган ушбу ташаббус доирасида инновация, инклюзивлик ва барқарорликка устувор аҳамият берилмоқда. Иқтисодий ўсишни таъминлаш, адолатли, барқарор ва инклюзив жамиятни ривожлантириш орқали Покистонни Осиёнинг навбатдаги “йўлбарси” даражасига кўтариш интилишлар марказига чиққан.
“URAAN Pakistan” стратегиясида экспорт, иқтисодиётни диверсификация қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини ошириш марказий ўринни эгаллайди. Ҳукумат инновацияни қўллаб-қувватлаш, инвестициялар жалб қилиш, маҳсулдорликни кучайтириш орқали муваффақиятга эришишга интилмоқда. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва технология каби соҳаларда фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга Покистон бундай ёндашув орқали сезиларли иқтисодий ўсишга эришиш учун яхши пойдеворга эга. Бунинг учун айни пайтда дипломатик имконият тўлиқ сафарбар қилинган, расмий ташрифлар, дипломатик алоқалар ёрдамида муҳим шериклар билан ҳамкорлик ва ўзаро ишончни янги босқичга кўтариш устида иш олиб борилмоқда.
Ҳозир Покистон ўзаро манфаатли ҳамкорликка ҳар қачонгидан кўра очиқ ва тайёрлигини намоён этмоқда. Ўзбекистон учун бу икки давлат ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқишда ноёб имконият. Покистон иқтисодий қийинчиликларга қарамай стратегик аҳамияти, улкан бозори ва ҳарбий қудрати билан минтақавий ҳамда глобал сиёсатда ўз ўрнига эга. Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги нафақат икки қардош халқ фаровонлигига, балки бутун минтақада барқарорлик ва изчил ривожланишга хизмат қилади.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг