Сариосиёда ака укасига буйрагини берди, мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

13:42 26 Март 2025 Жамият
65 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Иномжон йиллар давомида буйрак етишмовчилиги билан курашиб келарди. Ҳаётдан умиди сўниб бораётган бир пайтда, акаси Ғуломжон жонига оро кирди. У укасига битта буйрагини беришга тайёр эди. Жарроҳлик амалиётидан ҳам қўрқмасди, фақат жараён қаерда, қандай кечишидан хавотир оларди. Буни қарангки, ака-ука мушкулига ўзлари яшаётган туманда ижобий ечим топилди.

Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмаси негизида ташкил этилган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида илк бор буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилди.

Пойтахтдан келган мутахассис, академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Акромжон Аҳмедов раҳбарлигида 14 кишилик жарроҳлар гуруҳи буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини ўтказди. Бу олти соатдан ортиқ давом этди. Ҳозир Иномжон ва Ғуломжоннинг аҳволи яхши.

— Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги «Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан марказимиз ташкил этилган, — дейди марказ директори Музроб Саидов. — Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида нафақат республика ихтисослашган тиббиёт марказларида, балки туманларда ҳам янги, юқори технологик даволаш усуллари йўлга қўйилмоқда. Яқин йилларгача бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун беморлар хорижга боришга мажбур эди. Бугунги кунда ҳатто туман шифохоналарида тана аъзоларини кўчириш билан боғлиқ жарроҳлик ўтказилаётгани мамлакатимиз тиббиёти ривожланганидан дарак беради. Бу тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Сурхондарё вилоятида нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморлар сони сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Олимларнинг илмий хулосаларига кўра, нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигини қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози кабилар келтириб чиқаради. Бунинг олдини олиш, касалликка чалинган беморлар соғлигини тиклаш, умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсадида Денов, Шеробод ҳамда Сариосиё туманларида тиббиёт бирлашмалари негизида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморлар шу ернинг ўзида гемодиализ хизматидан фойдаланмоқда.

Қувонарлиси, босқичма-босқич юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Вилоятда ҳам аъзолар ва тўқималари трансплантация қилинишига муҳтож беморлар бўлиб, мана бундай имконият уларга умид бағишлайди.

— Укам Иномжон сурункали буйрак етишмовчилигидан азият чекарди, — дейди Ғуломжон Қодиров. — Касалликнинг бешинчи босқичи бошланиб, олти ойдан буён гемодиализ оларди. Ҳаётга бўлган меҳри, курашишини кўриб чидаб туролмадим. Жигарим ҳаётини сақлаб қолиш учун донорлик қиладиган бўлдим. Қисқа вақт ичида керакли текширувлар амалга оширилиб, буйрак кўчириш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир иккимизнинг ҳам аҳволимиз яхши.

Қиссадан ҳисса шуки, ака меҳрининг ёрқин намунаси туфайли бугун Иномжоннинг ҳаётга умиди пайдо бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?