Саратонни даволаш борасида халқаро ҳамкорлик алоқалари кучайтирилмоқда

14:32 07 Март 2025 Жамият
126 0

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат делегация Австрия пойтахти — Вена шаҳрида бўлди.

Делегация Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ўзаро ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва уни ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида учрашув ўтказди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар давомида ХАЭАнинг “Umid nuri” лойиҳаси доирасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволашни яхшилаш учун минтақавий қўллаб-қувватлаш марказини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимиз агентлик билан ядровий тиббиёт, жумладан, тиббий нурланишда радиологик ҳимоя меъёрларини такомиллаштириш, нур терапияси ускуналарини модернизация қилиш, диагностик радиология сифатини ошириш каби қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ХАЭА билан Тошкент шаҳрида янгидан барпо этилган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича келишув имзоланган эди. Ушбу лойиҳа онкологик касалликларни диагностика қилиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, пировардида Ўзбекистонда онкология хизматининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Умида АБДУРАШИДОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?