Саноатнинг салоҳияти янги босқичга олиб чиқилади
Мис дунё бозорида нафақат саноат метали, балки мамлакатнинг иқтисодий қудратини ҳам белгиловчи стратегик ресурс сифатида қадрланади. 2026 йилга келиб, бу жараёнда янада жадаллашмоқда. Жорий йилнинг дастлабки ойидаёқ Лондон металл биржасида ҳар бир тонна мис 12,5–13 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу ўтган даврга нисбатан 40 фоиз ўсиш деганидир.

Жаҳон бозорида 150 минг тоннадан 330 минг тоннагача бўлган миқдорда тозаланган мис танқислиги шароити кузатилаётган айни кунларда юртимизда тоғ-кон саноатини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириш кун тартибидаги масалаларнинг бирига айланган. Айни шу мақсадда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган навбатдаги йирик инвестиция лойиҳаси бошланди.

Комбинатнинг 2-мис бойитиш фабрикасида маъданларни қайта ишлаш қувватини йилига 5 миллион тоннагача ошириш мақсадида янги бойитиш мажмуаси қурилмоқда. 3,1 гектар ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Марказий таъмирлаш механика заводида ҳам тайёрланган замонавий технологик ускуналар ўрнатилиб, маъданларни майдалаш, янчиш, флотация ва қуюлтириш каби мураккаб технологик жараёнлар тўлиқ маҳаллийлаштириш асосида йўлга қўйилади.

“Ёшлик – I” кони маъданини қайта ишлашга ихтисослашган ушбу янги мажмуа ишга тушгач, бир йилда 74,2 минг тонна қўшимча концентрат олишга эришилади. Бу эса ўз навбатида мис катоди билан бир қаторда олтин ва кумуш каби қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳам сезиларли даражада ошишини таъминлайди. Шу билан бирга, лойиҳа тўлиқ ишга туширилганидан сўнг, 600 та янги иш ўрни яратилади. Қолаверса, бюджетга тўловлар миқдори кўпаяди ва 2-мис бойитиш фабрикасининг умумий ишлаб чиқариш қуввати 10 миллион тоннага етказиш имкони яратилади.
Отабек ИСРОИЛОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг