Само билан тиллашганлар...

20:33 22 Январь 2019 Маданият
5669 0

Архив фото

Бундан тахминан икки ярим минг йиллар муқаддам Шарқда вужудга келган дорбозлик бугунги кунда цирк санъатининг ажралмас қисмига айланган. Дорбозлик ўйинлари аввал очиқ майдонларда, ХVIII асрдан бошлаб эса махсус цирк ареналарида ҳам намойиш этиладиган бўлди.

Ўзбекистонда дор ўйини қадим тарихга эга. Баъзи манбалар Амир Темур саройида ҳам ажойиб тарзда бундай намойишлар кўрсатилганини тасдиқлайди. Дорбозлик Ўзбекистоннинг барча йирик шаҳрида, айниқса, Қува ва Асакада жадал тараққий топган.

Айтиш керакки, миллий дорбозлик — жуда мураккаб. Ўз навбатида, у энг ноёб ва жозибадор санъат йўналиши ҳамдир. Бугун биз турли байрам ҳамда фестивалларимизга ўзгача руҳ бағишлаётган дорбозларимизни қай даражада биламиз? Агар улар билан яқинроқ танишсангиз, дорбознинг ҳаёти, фаолияти жуда қизиқарли эканлигига гувоҳ бўласиз.

Ана шундай халқ дорбозларидан бири Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи Юнусали Ғозиевдир. Биз кекса дорбоз билан суҳбатлашиб, унинг хотираларига қулоқ тутдик.

Аслида санъатга ошуфта қалблар табиатни севади. Худди шундай қаҳрамонимизнинг хонадонига кирганимизда, ажойиб боғ манзарасига гувоҳ бўлдик.

— Хонадонингизга келган меҳмон дорбоз эмас, боғбоннинг уйига келдим, деб ўйлаши тайин. Манзарали дарахтларнинг ҳаммасини ўзингиз экканмисиз?

— Мен 35 йил мобайнида 23 сотихлик ҳовлимизни фарзандларим, набираларим қувончи, спорт билан эркин шуғулланишлари учун мана шу ҳолатга келтирдим. Ҳозир кўрган ҳовузингизни ўн етти йил мобайнида ўзим кавлаганман. Аллоҳга шукр, саккизта фарзандим, йигирма олтита набирам, ўн иккита чеварам ва битта кампирим бор (кулади).

— Дорбозлик билан неча йилдан буён шуғулланасиз? Кўриниб турибдики, фаолиятингиз тўғрисида битта мақола эмас, катта китоб ёзса, арзийди.

— Ўн тўрт ёшимдан буён дор билан ишлайман. Отам курашчи бўлганлар. Шу туртки берганми, дастлаб оғир атлетика билан шуғулланганман. Кейинчалик дорга қизиқиб, иккисини тенг олиб борганман. Дорбозликдаги ҳаётим давомида кўп танловларда, фестивалларда қатнашдим. Албатта, улар орасида туман, вилоят, қолаверса, республика миқёсида ўтказилганлари ҳам бор.

1964 йилдан бошлаб 23 йил давомида Тошкент давлат циркида ишлаганман. Нафақага чиққач ҳам дор устидан тушмадим. Фарзандларим, набираларимга унинг сирларини ўргатдим. 1985 йилда эса “Андижон самоси” номли оилавий дорбозлар труппасига асос солдим. Дорбозларнинг жаҳон миқёсидаги кўплаб фестивалларида Ўзбекистон номидан қатнашдик. Масалан, 1987 йили оилавий гуруҳимиз билан Москва шаҳрида бўлдик. 1988 йили Ҳиндистонда икки ойлик сафар ташкил этиб, кўргазмали чиқишлар уюштирдик.

— Сизнинг фикрингизча, мамлакатимизда дорбозликни янада ривожлантириш учун нималарга аҳамият қаратиш керак?

— Миллий дорбозликни кенг тарғиб қилишимиз, асосан ёшларнинг эътиборини интернет ёки замоннинг бошқа кашфиётларидан ўзимизга жалб қилиб олишимиз лозим. “Устоз — шогирд” анъанаси бардавом бўлиши зарур. Қолаверса, ташкилий масалалар дегандек… Умуман олганда, истаймизми, йўқми, бугун цирк санъатининг ушбу йўналишига юртимизда аҳамият камайиб кетаётгандек. Агар давлат миқёсида эътибор қаратилмас, турли оилавий гуруҳлар, труппалар фаолиятини кенгайтиришга шарт-шароит яратиб берилмас экан, йиллар ўтгач, фарзандларимиз дорбозлик ҳақида фақат кинохроника ёки суратлар орқали билиши ҳеч гап эмас.

— Дорбозлик инсонга нима беради?

— Дорда юриш инсонга матонатни, сабрни, жасурликни ва фикрни бир ерга жамлашни ўргатади. Иродасини тоблайди, зеҳнини мустаҳкамлайди. Истардимки, ёшларимизда ҳам боболарига хос мана шундай жиҳатлар бўлса.

ЎзЖОКУ талабаси Дилшода Олимова суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер