Самарқанддаги “Афросиёб” музейи реставрация қилинди

10:47 20 Февраль 2024 Жамият
228 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз Йўлдошев/“Халқ сўзи”. 2019 йилда Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос жамғармаси билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси ўртасида “Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш”га доир меморандум имзоланган эди.

Лойиҳа “Ипак йўли” маданий меросининг сақланиши ва тадқиқ этилиши бўйича маълумот ҳамда кўникма алмашинуви, шу билан бирга, археологик тадқиқотлар орқали туризмни ривожлантириш, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган этнографик ва археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилишга йўналтирилган.

— Шу асосда Жанубий Корея Республикаси Корея ҳукумати маданий мерос соҳасида ODA (Official Development Assistance) лойиҳасини амалга ошириб, 2019-2021 йилларда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида замонавий консервация ва реставрация лабораториясини ўрнатган эди, — дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. — Айни пайтда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги, Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос жамғармаси ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигида Самарқанд вилоятидаги тарихий обидаларни, хусусан, “Афросиёб” музейини асраб-авайлаш ва туризм марказига айлантириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Жумладан, ODA дастури асосида Жанубий Корея Республикасининг Маданий мерос жамғармаси томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида “Афросиёб” музейининг реставрация ишлари учун 33 минг АҚШ долларига яқин маблағ ажратилди. Натижада музейнинг биринчи қавати экспозицияси замонавий технологиялар билан жиҳозланди, кўргазмалар зали, йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томи ҳам қайта таъмирланди.

Ҳозирги кунда музей экспозициясидаги экспонатлар сони 2000 дан зиёдни ташкил этади ва уларнинг сонини ошириш, консервация ва реставрация қилиш ишлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер