Самарқандда ёшлар фестивали бўлиб ўтди

19:37 24 Июнь 2024 Жамият
174 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивали ўтказилди. Фестиваль шаҳардаги Амир Темур, Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланди.

Тадбир доирасида мактабни аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медаллари топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бу йил Самарқанд шаҳар мактабларини 7239 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 407 нафари олтин, 20 нафари кумуш медалларга сазовор бўлди. Тадбирда ўқувчиларнинг устозлари ҳам қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Фестиваль спорт мусобақалари билан давом этди. Жумладан, Сартепа спорт мажмуасида қизлар ўртасида бадиий гимнастика ва ёш спортчилар жамоалари ўртасида ўтказилган футбол мусобақалари ғолибларига диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

IT Park Самарқанд филиалида «Robotech-2024» робототехника мусобақалари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Самарқанд давлат тиббиёт университетида Кимё фанидан ўтказилган фан олимпиадасида вилоят бўйича кўплаб туманлардан элликка яқин 10-11-синф ўқувчилари ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Натижага кўра, 10-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринни Пахтачи тумани 37-мактаб ўқувчиси Зулфияхон Махсиддинова, 2-ўринни Оқдарё тумани 45- мактаб ўқувчиси Севинч Махмаюсупова, 3-ўринни Тойлоқ тумани 43-мактаб ўқувчиси Сабина Ахмадова қўлга киритди.

11-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринни Паяриқ тумани 14-мактаб ўқувчиси Оловуддин Абдураимов, 2-ўринни Жомбой тумани 12-мактаб ўқувчиси Оғабек Собиров, 3-ўринни Нуробод тумани 11-мактаб ўқувчиси Гуласал Хушмуродова эгаллаб, «Вилоят ҳокими фан олимпиадаси» совриндорларига айланди.

Ёшлар фестивалининг якуний гала-концертида вилоят ҳокими самарқандлик ёшларни қутлади. Тадбирда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллар тақдирланди.

Концерт дастури таниқли санъаткорларнинг чиқишлари билан давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?