Фото: Самарқанд археология институти
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Жўрабтепа маҳалласида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид бўлган ибодатхона ўрни топилди. Бу ҳақда Самарқанд археология институти ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, институт ходимлари мазкур ҳудудда 2022 йилдан буён археологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Топилган ибодатхона тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларнинг сақланиб қолган баландлиги 3 метр. Хонага 5 та эшик орқали кириш мумкин. Унинг тўрида тахт-супа, тўрт томонида устун ўринлари жойлашган.
Шунингдек, хона деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган бўлиб, сақланиб қолинган тасвирлар орасида юзи овалсимон, қулоқ ва қўллари эса зебу-зийнатларга бой бўлган маъбуданинг тасвири мавжуд. Унинг бошида илк ўрта асрлар Сўғд санъатида кўп учрайдиган қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклда бўлган тож тасвири акс эттирилган.

Сурат парчалари орасида бундай тож ва персонаж тасвирларининг турли парчалари аниқланмоқда. Бундан ташқари, деворларда токчалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ҳамда оёқ қисмлари топилган.
Археологларнинг айтишича, ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият юритган, аммо 712 йилда Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги арабларнинг Самарқандга қилган юришлари вақтида ёқиб юборилган бўлиши мумкин.
«Ҳозирда ушбу жойда археологик қазув тадқиқотлари, деворий суратларни сақлаш, улардан нусха кўчириш ва ечиб олиш жараёнлари давом этмоқда. Келгусида ёдгорликни япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда фанлараро усулларини қўллаган ҳолда тадқиқ этиш режалаштирилган», дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг