Самарқандда Турк дунёси университетлари иттифоқи аъзолари иштирокида халқаро анжуман ўтказилди

18:43 07 Июнь 2023 Сиёсат
872 0

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Туркий давлатлар ташкилотининг турк дунёси университетлари иттифоқининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қозоғистон, Туркия, Озарбойжон, Қирғизистон, Ўзбекистон давлатларидан 50 га яқин аъзо университет вакиллари ва экспертлар иштирок этдилар.

Турк дунёси университетлари иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Ўзбекистондан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Қўқон давлат университетлари аъзо ҳисобланади.

— Турк дунёси университетлари иттифоқининг навбатдаги анжумани бежиз “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилмаяпти, — дейди мазкур университетнинг биринчи проректори, профессор Жўлибой Элтазаров. — Чунки, олий ўқув юрти Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Иттифоқнинг бу галги анжумани ҳам ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда университетлар ректорлари иштирокида академик ҳамкорликни ривожлантириш, турк дунёси университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва билимларни алмашиш, ўқув стандартларини такомиллаштириш бўйича фикр алмашилди.

Махсус йиғилиш сессияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Юзма-юз мулоқотларда қатнашчилар қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш имкониятларини муҳокама қилишди. Шунингдек, иттифоққа аъзо университетларда таълим стандартларини такомиллаштириш бўйича бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, турк дунёси университетлари ўртасида талабалар учун алмашинув ва амалиёт дастурларини яратиш ҳамда ушбу йўналишда стипендиялар ажратиш масаласи кўриб чиқилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер