Самарқандда тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўртасида V Халқаро олимпиада бўлиб ўтди

10:39 16 Декабрь 2024 Жамият
218 0

Юртимизда барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва тиббий таълим сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса мамлакатимизда бир қатор етакчи давлатларнинг ривожланган тиббиёти билан танишиш ва улар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ҳамда юртимизда тиббиётнинг замонавийлашувига хизмат қиляпти.

Бу борада юртимизда ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университетида ҳам тиббий хизмат ва таълимни ривожлантиришда кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 13-14 декабрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Самарқанд-2020» тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг V Халқаро олимпиадаси ташкил этилди. Университет ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этилиб келинаётган мазкур билимлар беллашуви нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ҳамда малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга балки, халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамлаш, тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янгидан янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига ҳам туртки бўлмоқда.

Юқори савияда ташкил этилган бу галги олимпиадада юртимиз ҳамда Германия, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Украина ва Белоруссия, Жанубий Корея каби жаҳоннинг йигирмага яқин давлатларининг юздан зиёд тиббиёт олийгоҳларидан 730 нафардан ортиқ талабалар оффлайн, 4000 нафарга яқин онлайн тарзда иштирок этди. Беллашувларни хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда кўплаб профессор-ўқитувчилар кузатиб борди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда бир қатор хорижий тиббиёт олийгоҳлари ректорлари бешинчи бора ташкил этилаётган халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омад тилади.

«Самарқанд-2020» тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг V Халқаро олимпиадаси доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети билан яқин ҳамкорликда фаолият юритаётган ҳамда ўз салоҳияти ва меҳнати билан университетда намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ хорижий давлат ОТМ профессор ўқитувчиларига СамДТУ ректори Жасур Ризаев томонидан университетнинг «Фахрий профессори» унвони топширилди.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар тиббиётнинг 40 дан ортиқ йўналишлари бўйича икки босқичда, тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашдилар. Шу билан бир қаторда анъанавий тарзда қатнашаётган 730 дан ортиқ талабалар ўз амалий билимларнинг жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи 7-авлод симуляцион роботлари орқали ўзи кўникмаларини синовдан ўткиздилар. Олимпиада доирасида Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари ўрасида халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган маҳорат дарслари, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ҳам ташкил этилди.

Олимпиада якунида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинациялар бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?