Самарқандда Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми бўлиб ўтди

22:02 01 Декабрь 2022 Жамият
609 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, вилоятлар, тармоқ бирлашмалари ва уюшмалар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясидан 500 дан ортиқ етакчи компания ва корпорациялар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Россия делегациясига эса Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников бошчилик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражада экани, шунингдек, қўшма сармоявий лойиҳалар сони изчил ортиб бораётгани, узоқ муддатли савдо алоқалари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ўсишининг ижобий динамикаси қайд этилди. Сўнгги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 170 фоизга ўсди, 2021 йил охирига келиб эса яна учдан бир қисмга кўпайиб, 7,5 миллиард доллардан ошди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишдан икки томон ҳам манфаатдор экани билдирилди.

Томонлар кейинги йилларда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси фаоллашганини юқори баҳоладилар. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони сўнгги 5 йилда 3 баробарга кўпайиб, 3000 тадан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда нефть-кимё, энергетика, кон-металлургия, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби соҳаларда Россия компаниялари билан умумий қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган икки юзга яқин қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти устувор йўналишларда, жумладан, автомобилсозлик, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бераётгани ҳақида сўз борди.

Саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ва савдо келишувларини ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудлараро кооперацияни ривожлантириш бўйича қўшма ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. Яқин келажакда 2023 йилга мўлжалланган ҳудудларга ўзаро ташрифлар жадвали тасдиқланади ва навбатдаги учинчи минтақалараро форумни ўтказишнинг аниқ санаси келишиб олинди.

Бизнес-форум экспертлар учун самарали мулоқот майдонига айланди. Бу ерда Ўзбекистон ва Россиянинг қатор тармоқларининг салоҳияти кенг очиб берилиб, истиқболли сармоявий лойиҳалар тақдим этилди. Тадбир дастури доирасида, шунингдек, саноат кластерларини биргаликда ривожлантириш, саноат кооперацияси занжирларини шакллантириш, ёқилғи-энергетика тармоғи, саноат ва транспорт, экспорт ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуасида кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, IT технологияларни жорий этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни рақамлаштириш, бозорларни ривожлантириш каби йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдек устувор йўналишларда сессиялар ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида учрашувлар ташкил этилиб, уларда қўшма инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» номи остида кўргазма ҳам ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг бир қатор тармоқлар ва йўналишлардаги саноат салоҳияти намойиш этилди. Экспозиция россиялик бизнес вакилларида қизиқиш уйғотиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш учун замин яратди.

Умуман олганда, бизнес-форум икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларига ўз ён дафтарларини янги ҳамкорлар тўғрисидаги маълумотлар билан бойитиш, ўзаро манфаатли янги лойиҳа ва ташаббусларнинг техник ҳамда молиявий жиҳатларини атрофлича муҳокама қилиш, узоқ муддатли истиқболдаги муштарак манфаатларни белгилаш имконини берди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?