Самарқандда In-vitro лабораторияси ва гидропоникали иссиқхоналар очилди

16:00 05 Ноябрь 2024 Жамият
216 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти картошка уруғчилигини ривожлантириш борасида Жанубий Корея Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги, Корея қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш корпорацияси билан ҳамкорликда беш йиллик лойиҳа имзолаган. Лойиҳа доирасида институтда гидропоник-иссиқхона, In-vitro лабораторияси ва омборхоналар қурилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда Жанубий Корея, Япония давлатларидан меҳмонлар иштирокида In-vitro лабораторияси ва гидропоникали иссиқхоналарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

— Институтдаги гидропоникали иссиқхонага кореялик мутахассислар, институт олимлари ва тадқиқотчилар биргаликда дастлабки микротуганакларни экишди, — деди институт ректори Шавкат Ҳасанов. — Дастлабки, тадқиқотларда республикамизда кенг тарқалган 3 та нав, жумладан, “Пикассо”, “Санте” ва “Невский” навлари синовдан ўтказилмоқда. Келгусида ушбу марказда интенсив усулда республикамиз иқлим шароитига мос навларни ва уларнинг соғлом юқори сифатли уруғларини ишлаб чиқиш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.

— Четдан келадиган картошка уруғчилигини Ўзбекистонда етиштириш мақсадида ушбу лойиҳани бошладик, — деди Халқаро боғдорчилик институти директори, профессор Lee YB. — Мақсадимиз картошка уруғчилиги борасида салоҳиятли кадрларни етиштиришдан иборат. Самарқанд шароити картошка етиштиришга мос ҳудуд. Институтнинг етук олимлари ва тадқиқотчилари билан замонавий иссиқхоналарда тадқиқотлар олиб боряпмиз.

— Бир гектар картошкадан олинаётган ҳосилдорлик бизда 17-18 тонна атрофида эди, — деди институт кафедра мудири, профессор Собир Санаев. — Шу кеча-кундузда республикада бир гектардан олинаётган ҳосилдорлик 30 тоннагача кўтарилди. Бу картошка экинида олиб борилаётган тадқиқотлар ва илмнинг натижасидир. Бугунги кунда хориждан келтирилаётган картошка уруғларининг бир килограмми ўртача 15-20 минг сўмни ташкил қилса, 1 гектар ерга 3,5-4 тонна уруғ экилишини ҳисобга олсак, бу 70 миллион сўм бўлади. Хориждан олиб келаётган картошка уруғларини арзонлаштириш ва деҳқонларнинг даромадини ошириш мақсадида картошка уруғчилигини ўзимизда тайёрлашни мақсад қилганмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?