Самарқандда илк бор Халқаро параплан фестивали ўтказилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Юртимизда экстремал туризм йўналишларини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Андак маҳалласи тоғ ҳудудида илк маротаба «Халқаро параплан фестивали» бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли фестивалда Буюк Британия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон, Украина каби ўндан ортиқ давлатдан келган 100 дан зиёд профессионал парапланчи иштирок этиб, Ургут осмонида юксак маҳоратли парвозлар ва спорт чиқишларини намойиш этдилар.

Тадбир очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, қатнашчиларга омад тилади.
— Самарқандда янги туризм турининг йўлга қўйилиши келгусида соҳани янада ривожлантиришга, туризм хизматлари кўламининг ошишига туртки бўлади, — дейди вилоят раҳбари Адиз Бобоев. — Экстремал туризм турларини оммалаштириш хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида эндиликда йил давомида Ургут тоғида парапландан учиш имконияти яратилади. Бу эса тоғ туризмини такомиллаштиришда муҳим роль ўйнайди. Келажакда Ургут тоғида дор йўли қуриш, ташриф буюрувчилар учун муносиб шароитлар яратиш зарур.

Икки кунлик фестиваль доирасида параплан шоулари ва мусобақалари, миллий гастрономик кўргазмалар, концерт дастурлари, халқ ўйинлари ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Мазкур халқаро тадбир Ургут туманининг туризм салоҳиятини кенг намойиш этиш билан бирга, уни жаҳон миқёсидаги спорт ва маданият марказларидан бирига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг