Самарқандда БМТ билан ҳамкорликда нуфузли анжуман ўтказилмоқда

17:23 16 Октябр 2021 Иқтисодиёт
932 0

Архив сурат

Самарқанд давлат университетида «Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал омиллар» мавзуида III халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Мазкур нуфузли анжуман БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқотлар олиб борувчи халқаро марказ (ИКАРДА) билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Мазкур анжуманга халқаро миқёсда қизиқиш кучайиб, анъанавий тарзда ўтказилаётгани бежиз эмас, албатта. Аввало, у «Халқаро озиқ-овқат куни» кенг нишонланадиган бир пайтда ташкил этилгани туфайли бутун дунёда долзарб масалага айланган озиқ-овқат хавфсизлигининг янги омил ва таҳдидларини кенг муҳокама қилиш имконини беряпти.

Шу ўринда айтиш жоизки, 1980 йилнинг 5 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 35-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 16 октябрь «Халқаро озиқ-овқат куни» деб эълон қилинган. Шундан буён ушбу сана миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда кенг нишонлаб келинади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги жуда кенг тушунча бўлиб, у аввало, аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан таъминлашни назарда тутади. Бироқ кейинги пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан орқада қолмоқда. Боз устига, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бораётир. Шу боис мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Президентимизнинг «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги каби қатор Фармон ва қарорлари қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланяпти.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу масалага тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: «Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади. Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади».

Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган оқилона агросиёсат натижасида пандемия, табиат инжиқликлари ва сув тақчиллигига қарамасдан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин ошмоқда. Ички бозор юқори сифатли, витаминларга бой неъматлар билан тўлдирилиши баробарида, экспорт ҳажми ҳам ортиб бораётгани диққатга сазовор.

Қўлга киритилаётган муваффақиятлар омиллари ҳақида сўз борганда, Ўзбекистон Президентининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигининг барча тармоғида кластер усули кенг жорий қилингани юқори натижалар бераётганини экспертлар алоҳида эътироф этмоқда. Шу боис ҳам бу йилги конференция дастурида кластер усулига кенг ўрин бериляпти. Яъни ялпи мажлисда «Кластер тизими — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асоси» мавзуидаги маърузада Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги тажрибаси, инновацион усулнинг афзалликлари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги роли, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишдаги имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилади.

Айтиш жоизки, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Жорий йилдан эътиборан Самарқанд давлат университетида озиқ-овқат йўналиши бўйича талабалар ўқишга қабул қилингани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Бундан ташқари, келгусида озиқ-овқат хавфсизлиги факультети ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги илмий маркази очилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, икки кун давом этадиган халқаро анжуман кундалиги ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, у жаҳон ҳамжамиятини юртимиз ва хорижлик таниқли олимларнинг ушбу йўналишдаги энг сўнгги илмий янгиликлари билан таништириш, реал муаммолар ечимига қаратилган илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишни жадаллаштиришга хизмат қилиши билан эътиборга молик.

Худоёр КEЛДИЁРОВ, Самарқанд давлат университетининг биология факультети декани,
профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер