Самарқандда “Беш ташаббус олимпиадаси”да 621 мингдан зиёд ёшлар қатнашяпти

11:43 22 Апрель 2024 Спорт
414 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. Жорий йил Самарқанд вилоятида 796 та маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбири ва мусобақаларини ўтказиш белгиланган.

Айни пайтда “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган 621 минг 461 нафар ёшлар ўртасида волейбол, кураш, гимнастрада, футбол ва мини футбол, армрестлинг, стол тенниси, енгил атлетика, воркоут, стритбол, шахмат-шашка мусобақалари давом этяпти.

Бундан ташқари, вилоятда Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида шу кунларда беш йўналишда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилмоқда.

Унга кўра, март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, августь-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ушбу синовлардан ўтади.

— Айни пайтда вилоятдаги 1264 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 781 мингдан зиёд ўқувчидан спорт синовлари олинмоқда, — дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби шартларда ўз имкониятларини синаб кўрмоқда. Машқларда юқори натижани қўлга киритган ўқувчилар жорий йилнинг май ойида Спорт вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Вилоятда оммавий спорт тадбирлари сонини 1722 тага ошириш орқали 1 миллион 159 минг нафарга яқин аҳолини спорт тадбирларига қамраб олиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?