Самарқандда автомобиль эҳтиёт қисмлари савдо мажмуаси очилди

19:07 01 Ноябрь 2023 Иқтисодиёт
467 0

Самарқанд туманида “AVTO MALL SAMARQAND” масъулияти чекланган жамиятининг автомобиль эҳтиёт қисмлари савдо мажмуаси иш бошлади.

Жорий йилнинг август ойида Самарқандга ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев мазкур бозорни ўз ичига олган савдо, саноат ва сервис мажмуаси қурилиш майдонида бўлганди. 37 гектар ҳудудни эгаллаган мажмуада умумий қиймати 2 триллион 79 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори ушбу лойиҳаларнинг энг йириги ҳисобланади ва 11 гектар майдонда барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари ўн мингга яқин иш ўрни яратиладиган лойиҳаларни тезлаштириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаганди.

“Нурли келажак ишонч сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 500 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бунёд этилган мажмуанинг очилиш маросимида вилоят жамоатчилиги вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

— Ушбу савдо маркази “Univer Pro Stile” МЧЖ лойиҳаси асосида бунёд этилди, — дейди “Нурли келажак ишонч сервис” МЧЖ раҳбари Акбарали Қаюмов. — Мажмуанинг биринчи қаватида автомобиль эҳтиёт қисмлари савдосига мўлжалланган 751 та савдо дўкони, 2 та автосалон, банк шохобчалари ва енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатиш нуқталари мавжуд. Шунингдек, 2300 та автомобиль сиғимига эга автотураргоҳ ўрин олган. Иккинчи қаватда эса кафе ва ресторанлар, тиббий хизмат кўрсатиш хонаси, тренажер зали, маъмурий хоналар ташкил этилган. Мазкур объект иш бошлаши билан 3 мингта янги иш ўрни яратилди.

Савдо маркази Самарқанд шаҳри марказидан 10 километр масофада Самарқанд ҳалқа йўли бўйида жойлашгани харидорлар учун қулайлик яратади.

— Бу ерлар жарлик, нотекс ва ташландиқ жой эди, энди эса қишлоғимиз атрофи саноат, хизмат кўрсатиш ҳудудига айланди, — дейди Самарқанд туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Баҳодир Абдураҳмонов. — Бизнинг маҳалламиз аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Бозор ишга тушгач, юзлаб маҳалладошларимиз шу ерда ишга жойлашиб, доимий иш ўрнига эга бўлди. Умуман, бозор атрофидаги тўрт-беш маҳалладан кўплаб кишилар энди шу ердан даромад топиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер