Самарқандда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва уни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференция бошланди

12:11 05 Декабрь 2024 Сиёсат
266 0

Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Самарқанддаги Буюк Ипак Йўли Халқаро туризм марказида “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ташкилотчилигида ўтказилаётган мазкур тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари, Марказий ва Жанубий Осиё, Россия, Яқин Шарқ, Европа Иттифоқи ва АҚШ мамлакатларининг етакчи мутахассислари ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ва Халқаро атом энергияси ассоциацияси (WНА) экспертлари иштирок этмоқда.

Конференция аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро форум қатнашчиларига табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Очилиш маросимида, шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлиги Бош директори Рафаэль Гросси атом энергетикасидан фойдаланиш истиқболлари юзасидан чиқиш қилди.

Қайд этилганидек, тадбир атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишга оид асосий масалалар ва имкониятларни муҳокама қилиш, миллий ва халқаро даражадаги экспертлар ўртасида тажриба ҳамда билим алмашиш учун муҳим платформа бўлиб, ўз навбатида ИҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.

Бугунги кунда замонавий технологияларни ривожлантириш нуқтаи назаридан, кичик қувватли атом электр станциялари (КҚАС) қурилишини қонунчилик ва институционал тартибга солиш, эксплуатация хавфсизлиги ва атом энергиясидан турли соҳаларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган асосий масалаларни муҳокама қилиш кун тартибидаги долзарб мавзулардан биридир.

Конференция давомида иштирокчилар тажриба ва билим алмашиш имкониятига эга бўлишади, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, атом саноатини қонуний тартибга солиш, ижтимоий, экологик ва хавфсизликнинг турли жиҳатлари, ядровий технологияларни тинч мақсадларда ривожлантириш, кадрлар тайёрлашнинг турли масалаларини кўриб чиқадилар.

Ушбу тадбир бешта панел сессияни ўз ичига олган, уларнинг ҳар бири ядро энергетикасининг долзарб жиҳатларига қаратилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(Халқ сўзи)
Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?