Самарқандда 3 нафар фуқаро ИИО ходимини калтаклади

10:47 30 Июль 2024 Жамият
296 0

Фото: Видеодан кадр

Самарқандда профилактика инспекторини урган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, 2024 йил 23 июль куни соат 17:30 ларда Самарқанд шаҳар Сиёб маҳалласида яшовчи фуқаро навбатчилик қисмининг «102» қисқа рақамига мурожаат қилиб, Оқдарё тумани Наврўз маҳалласи Зарафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида нотаниш фуқаролар уни уриб, тан жароҳати етказгани ҳамда унга тегишли «Nexia-3» русумли автомашинасининг ойналарини синдирганини маълум қилган.

Чақирувга асосан Оқдарё тумани ички ишлар бўлими инспектори катта лейтенант Ўткир Бурқиев воқеа жойига етиб бориб, жанжал қилган фуқароларни Наврўз маҳалласида жойлашган хизмат хонасига олиб борган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашиб турган вақтида ҳуқуқбузарлар — 35 ва 19 ёшли йигитлар ҳамда 45-50 ёшлар атрофидаги аёл «нима учун хизмат хонасига биринчи бизни киритмайсан, биз ҳам «102» рақамига мурожаат қилганмиз», дея жанжал кўтарган.

Инспектор ишига халал бермай туришини, навбат билан гаплашишини айтган, бироқ улар ходимни ҳақоратлаб, хонадан чиқиб кетган. Инспектор уларга кетиб қолмаслигини, қолаверса ҳолат бўйича тушунтириш хатлари олиши лозимлигини айтган вақтида, аёл киши келиб ходимнинг кийимидан тортиб қаттиқ ҳақоратлай бошлаган.

«Жаҳл келса, ақл кетади нақлига мувофиқ, ғазаби қайнаган икки эркак муштига зўр бериб, шу вақтда профилактика инспекторини уриб-тепади ва йиқитиб танасининг турли жойларига тан жароҳати етказган», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, шундан сўнг учала фуқаро ҳам ўзларига тегишли бўлган автомашинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда 3 нафар гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?