Самарқанд вилоятида йил охиригача аҳолининг 22 фоизи спортга қамраб олинади

14:47 17 Август 2022 Жамият
477 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 32 та спорт таълим муассасаси, 2 та олимпия ва паралимпия коллежи, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 24 та болалар-ўсмирлар спорт мактаби, битта футбол маҳорати мактаби фаолият олиб бормоқда. Мазкур иншоотларда 1 минг 149 нафар тренер-ўқитувчи 50 спорт тури бўйича 33 минг 625 нафар ёшларга маҳорат сирларини ўргатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 ноябрда қабул қилинган «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва «Wоркоут» спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг ривожи учун муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Самарқанд вилоятида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ва аҳолини оммавий спортга жалб қилиш кўламини ошириш мақсадида ўтган қисқа даврда 82 километр саломатлик, 75 километр велосипед йўлаклари, 63 та мини-футбол, 34 та бадминтон, 323 та «Wоркоут», 47 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилди.

— Шунингдек, Президентимизнинг маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга асосан вилоятдаги 1 минг 126 маҳаллада 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида спортнинг тўққиз тури бўйича беш босқичли спорт мусобақалари ўтказиш йўлга қўйилди, — дейди Самарқанд вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Ушбу оммавий спорт мусобақаларида вилоятимиз ёшларининг 17 фоизи қамраб олинди. Турнир натижасига кўра, ёшларимиз мазкур мусобақанинг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Вилоятда йил охиригача 881 минг 945 нафар, яъни аҳолининг 22 фоизини спортга қамраб олиш кўзда тутилмоқда. Бу кўрсаткични 2023 йилда 24, 2024 йилда 26 ва 2025 йилда 30 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун барча зарур чоралар кўрилаётир.

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят спортчилари жаҳон, халқаро, Осиё ва Ўзбекистон биринчиликларида муносиб иштирок этиб, 1 минг 184 медални қўлга киритди. Айтгандай, ҳозирда вилоятдан 2024 йили Парижда ўтказиладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига номзод сифатида саралаб олинган спортчилар қизғин тайёргарлик машғулотларида қатнашмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?