Самарқанд шаҳрини кенгайтириш депутатлар томонидан маъқулланди
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларининг шаҳарга туташ ҳудудларини Самарқанд шаҳрига қўшиш орқали уни бир миллионли шаҳарга айлантириш, аҳолининг урбанизация даражасини ошириш ишлари изчил давом эттирилишини таъкидлаган эди.
Самарқанд шаҳар ҳудудини кенгайтириш бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар ҳамда Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари Кенгашларининг сессияларида мазкур ҳудудларнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ушбу қарорларга мувофиқ: Пастдарғом туманидан — 1242 гектар майдон (7 та маҳалла, 20 минг аҳоли), Тойлоқ туманидан — 1266 гектар (8 та маҳалла, 12 минг аҳоли), Самарқанд туманидан — 13308 гектар (68 та маҳалла, 235 минг аҳоли), Оқдарё туманидан — 1411 гектар (2 та маҳалла, 10 минг аҳоли) Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилади.
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг йигирма учинчи сессиясида мазкур масала атрофлича муҳокама қилинди. Сессияда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Наврўзжон Раҳмоновнинг таъкидлашича, маъмурий-ҳудудий чегараларнинг ўзгариши натижасида Самарқанд шаҳрининг умумий ҳудуди 28403 гектарга, аҳолиси эса 880 минг нафарга етади.
Шаҳарнинг кенгайиши замонавий инфратузилма яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ижтимоий соҳа муассасаларини барпо қилиш, уй-жой қурилишини жадаллаштириш каби узоқ муддатли дастурларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради.
Шу билан бирга, шаҳар таркибига ўтаётган ҳудудларнинг бир қисми компенсация сифатида қайтарилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг Пастдарғом туманига туташ саноат зонасидаги 518 гектар ер майдони мазкур туман тасарруфига ўтказилиб, бу ҳудудда саноатни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Сессия якунларига кўра, маҳаллий Кенгашлар қабул қилган қарорлар асосида шаҳар ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги қарор тасдиқланди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг