Самарқанд саммити барқарорлик, хавфсизлик ва узлуксиз тараққиётни таъминлаш манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги йўналишларини белгилаш имконини берди
Фото: Халқ сўзи
Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилоти саммити якунлари бўйича журналистларга маълумот берди.
Қайд этилганидек, «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» шиори остида ўтказилган саммит туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик учун янги уфқлар ва истиқболларни очди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу сафарги саммитнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, туркий оила кўп асрлик тарихимизда илк бор янгиланган ташкилотимиз доирасида тўлиқ йиғилди.
Туркманистон Халқ Маслаҳати «Миллий Генгеш» раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Турк дунёсининг энг олий ордени билан тақдирланиши Саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.Ўзбекистон раҳбари ушбу мукофотлар икки қардош давлатнинг халқларимиз бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо эканини таъкидлади.
Шу билан бирга томонларнинг якдиллик билан қабул қилган қарори асосида ўтган йили Ўзбекистон томони ташаббуси билан таъсис этилган Туркий дунё бирлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот буюк қирғиз ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, шунингдек, туркий халқлар тарихи ва маданиятини бутун дунёга ёйишда беқиёс ҳисса қўшган бетакрор шахс Чингиз Айтматовга (абадий) берилди.
Саммит чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Туркий давлатлар ташкилоти ўз тараққиётининг янги, янада муҳим босқичига қадам қўймоқда, у ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини ҳал қилиши керак», дея таъкидлади. Шу нуқтаи назардан ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, «яшил» иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий алоқалар асосларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.Ушбу ғояларни амалга ошириш мақсадида ТДТ шафелигида «Янги иқтисодий имкониятлар маконлари»ни шакллантириш, халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказиш, транспорт соҳасида ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, ташкилот маконида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали механизмларини шакллантириш бўйича битим тузиш ва ушбу ҳужжат орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида урғу берди. Ташкилотнинг институционал ислоҳотларини амалга оширишга чақирди. Хусусан, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, фан ва технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўмиталар ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Саммит кун тартибига кўра, давлатлар раҳбарлари дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар чоғида ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро вазият юзасидан фикр алмашдилар.
Туркий давлатлар етакчилари жаҳонда рўй бераётган воқеаларнинг жадаллашуви ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар Туркий давлатлар ташкилотини замонавий воқеликка доимий мослаштириш зарурлигини тақозо этишини айтиб ўтдилар.
Иштирокчилар эътиборни замонамизнинг кучайиб бораётган таҳдид ва таҳликаларини енгиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида стратегик масалалар бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигига қаратишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган тинчлик ва барқарорликни, кенг халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва инсониятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик учун Самарқанд бирдамлик ташаббуси»ни олқишладилар.
Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан аъзо давлатларнинг келишилган позициялари саммитнинг асосий якуний ҳужжати сифатида қабул қилинган Самарқанд декларациясида қайд этилди. Шунингдек, у минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда томонларнинг умумий ёндашувларини акс эттиради ва Ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Музокаралар якунлари бўйича ўндан ортиқ кўп томонлама ҳужжат қабул қилинди. Бу эса, шубҳасиз, ташкилот фаолиятининг истиқболли йўналишлари бўйича ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга хизмат қилади.
«Туркий нигоҳ - 2040» концепциясини амалга ошириш доирасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегиясининг қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.Бу ҳужжатнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Пандемиядан кейинги даврда ва жаҳон иқтисодиётидаги нотинчликнинг кучайиши шароитида ТДТ маконида иқтисодий тикланишни жадаллаштириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида Савдони енгиллаштириш стратегияси тасдиқланди ва Соддалаштирилган божхона коридорлари тизимини шакллантириш тўғрисидаги битим имзоланди.
Туркий инвестиция фондини қисқа муддатларда ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўзига хос бир ютуқ бўлди деб айтиш мумкин. Бу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли лойиҳа бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда ва реал секторларда ҳамкорликни ривожлантиришда умумий кучли сиёсий-ҳуқуқий иродани намоён этди.
Бундан ташқари саммит доирасида Халқаро аралаш юк ташишлар тўғрисидаги битим ва Транспорт боғлиқлиги дастури имзоланди.
Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, унинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Нахичеван битимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Протокол ва Ташкилотнинг янги таҳрирдаги ички қоидалари қабул қилинди. Улар ташкилот фаолиятида тенглик, ўзаро ҳурмат ва барча қарорларни консенсус асосда қабул қилиш каби ҳамкорликнинг асосий қадриятларига содиқликни тасдиқлайди.
Самарқанд саммити барқарорлик, хавфсизлик ва узлуксиз тараққиётни таъминлаш манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги йўналишларини белгилаш имконини берди.
Саммит Туркия Республикасининг муваффақиятли раислигини якунлади ва бу давлат раҳбарлари томонидан юқори баҳоланди.
Раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди ва у, албатта, самарадорлик ва амалий натижаларга қаратилади.
Аъзо давлатлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йилни «Туркий цивилизациянинг юксалиш йили» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.
Қозоғистон томонининг таклифига кўра, ташкилотнинг навбатдаги саммитини 2023 йилда ушбу давлатда ўтказишга қарор қилинди.
ОАВ ходимлари Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити якунлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг