Самарқанд «Маҳалла кубоги»  республика турнирига мезбонлик қилди

15:13 20 Февраль 2023 Спорт
533 0

Фото: Халқ сўзи

Маҳаллаларда оммавий спортни кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида стол теннисини янада оммалаштириш, уларни жисмоний соғломлаштириш мақсадида 13-16 ёшли ўсмирлар ўртасида ташкил этилган «Маҳалла кубоги» турнирининг республика босқичи Самарқандда бўлиб ўтди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ҳамда қатор вазирликлар ҳамкорлигида қабул қилинган қўшма қарор асосида «Маҳалла кубоги» турнири 4 босқичда ташкил этилди.

1-босқич 2022 йилнинг 10-31 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳудудида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган бўлса, 2-босқичда махаллaларо сараланган ёш спортчилар туман-шаҳар босқичида яна бир бор куч синашди.

3-босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида қуйи босқич ғолиб жамоалари иштирок этди. Табиийки, финал босқичида республикамиздаги 14 та ҳудуддан пешқадам жамоалар беллашди.

Муросасиз кечган баҳсларда Бухоро шаҳрининг «Собир Раҳимов» МФЙ жамоаси 4-ўрин, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Оқ олтин» МФЙ жамоаси 3-ўринни қўлган киритган бўлса, мусобақага мезбонлик қилган Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги «Жоуль Қосим» МФЙ жамоаси 2-ўринни эгаллади.Наманган вилояти Чуст тумани «Хисорак» маҳалласи ёшлари эса фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, турнир ғолиби бўлди.

Мусобақа ғолибларига ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?