Самарқанд маданий туризмнинг халқаро пойтахтига айланади
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда очиқ, фаол ривожланиб бораётган мамлакат сифатида эътироф этилишининг яна бир далилидир, десак, айни ҳақиқат.
Қувонарлиси, халқаро ҳамжамият диққат-эътиборида бўлиб турган айни жараён — Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясида 178 давлатдан ташриф буюрган туризм соҳаси етакчилари Самарқандда жам бўлди.
Янада эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси тантанали очилиш маросимида сўзлаган нутқи орқали мазкур глобал сайёҳлик ташкилотининг кўплаб нуфузли вакиллари мамлакатнинг туристик жозибаси ва тараққиётини аниқ ҳис этгани рост.
Албатта, мамлакатда тез суръатлар билан ривожланаётган ушбу истиқболли соҳа давлат сиёсатида устуворлик касб этаётгани бежиз эмас. 2017 йилдан бошлаб туризм бошқа соҳалар қатори жадал ривожлантирилиб, давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Қисқа вақт ичида кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами, жумладан, туризм тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, мазкур соҳани босқичма-босқич ислоҳ этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Бунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат асносида яқин дўст ҳамда ҳамкор давлатларнинг сайёҳлари ва ишбилармон доира вакиллари учун яратилаётган дўстона ҳамда бағрикенглик муҳити муҳим аҳамият касб этаётир.
Хусусан, сўнгги йилларда салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.
Сайёҳлик бизнесининг барча турини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди, кредит ҳамда молиявий ёрдам кучайтирилди. Меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.
Аҳамиятлиси, Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайиб, туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Айни чоғда юртимиз тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаётганлиги, қисқа айтганда, Ўзбекистон учун “ташриф қоғози”га айланиб улгурди.
Мамлакатимиз етакчиси сессияда энг долзарб муаммо — туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлаш масаласини ўртага ташлади ва бунинг ҳуқуқий ечимини кўрсатиб берган ҳолда БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш таклифи иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир.
Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация имзолаш ташаббуси инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.
Сессиядаги жаҳон жамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилган воқелик — давлатимиз раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни имзолашга доир ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақиргани бўлди. Бу таклиф Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти янада юқори даражага кўтарилишига бир ишора, десак, муболаға эмас.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Самарқандга “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.
Бу нимани англатади?
Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда Ўзбекистон яшаш ва ишлаш, таълим олиш, илмий кашфиётлар яратиш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида тан олингани, йирик инвесторлардан тортиб ёш тадбиркорлар ва олимлар учун барча қулай шарт-шароит айнан шу мамлакатда яратилганининг халқаро эътирофи бўлди, десак, хато эмас.
Эндиликда туризм соҳаси шиддат билан тараққий этар экан, халқаро муносабатлар мамлакат иқтисодиётининг барча йўналишида ўзининг юқори натижасини кўрсата бошлайди. Жумладан, Бош ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Демак, таълим форумлари, қўшма дастурлар ва халқаро лойиҳалар орқали олий таълим муассасаларига кўпроқ ташқи инвестиция киритишга қулай имконият ва пухта замин ҳозирланмоқда.
Туризм тараққиёти борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз навбатида, биз олий таълим тизими вакилларини чексиз қувонтирмоқда. Чунки соҳага қаратилаётган юксак эътибор халқаро алоқалар, миллатлараро маърифат, маданият, илмий тадқиқотлар, илғор тажрибалар, таълим инновацияси ривожига ҳам хизмат қилади.
Яқинда бир асрлик тарихга ва олий таълим тизимида юқори салоҳиятга эга бўлган Фарғона давлат университети Буюк Британиянинг нуфузли “Times Higher Education” (THE) агентлиги рейтингида қуруқликдаги экотизимларни асраш бўйича 401+ натижа кўрсатиб, “TOP 1000+” рўйхатига киргани ҳам давлатимиз раҳбари томонидан тизим учун яратилаётган шарт-шароитларнинг самарасини кўрсатиб берди.
Шу билан бирга, университетимизнинг халқаро алоқалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, яқинда Хитойнинг Лоян археологик тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланди. Университетга мазкур институт делегацияси ташрифи доирасида “Фарғона — Лоян археологик маркази” очилди. Эндиликда ушбу янги илмий марказнинг бош тадқиқот объекти ҳисобланган “Қува шаҳристони” ёдгорлигида ҳамкорликда қазилма ишлари олиб борилади ҳамда археология йўналишида таҳсил олаётган талабаларимиз, шунингдек, профессор-ўқитувчиларимиз учун Лоян археологик тадқиқот институтида амалиёт ўташ, малака ошириш имкониятлари яратилади. Ушбу институт раҳбари, профессор Ли Ўнг Киан вилоят ҳокими билан бўлган самимий мулоқот чоғида ҳамкорлик қўллаб-қувватланаётганидан миннатдорлик билдирди.
Ушбу янгиликлар ва ўзгаришларни таҳлил қилар эканмиз, бугунги янги давр, ўзгаришлар билан дунёга ўзини очаётган Ўзбекистон туризм орқали кўҳна тарихи, инвестициявий жозибаси, гўзал ва бетакрор табиати, қулай географик ўрни ҳамда мўътадил иқлими туризмни мамлакатнинг етакчи драйверига айлантиришига ишонамиз.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда нафақат туризм, балки барча соҳадаги ислоҳотлар ортга қайтмайдиган реал ҳақиқатга айланган. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ўз натижасини бериб, тараққиёт сари дадил одимлар ташланмоқда. Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши эса Ўзбекистоннинг туризм соҳасида янги давр бошланишидан далолат бермоқда.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг