Самарқанд ҲЭТ бошқаруви Туркия компаниясига ўтади

13:13 05 Декабрь 2025 Сиёсат
137 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун «Янги Ўзбекистон» массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида айтиб ўтди.

«Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз», деди Президентимиз.

ИТ, сунъий интеллект ва «буюмлар интернети» каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компьютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.

Айни пайтда Саудиянинг «Data-volt» компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаган. Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари яқин келажакдаги режаларга қисқача тўхталиб ўтди.

Президентимиз электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади.

Натижада «яшил» энергиянинг жами генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида 3 миллиард 300 миллион доллар бўлган 3,5 минг мегаваттли «яшил» қувватларга старт берилаётгани бу йўлдаги катта қадам бўлади.

Янги қувватларни ягона энергия тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр тармоқлар тортилади.

Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқлар ўтказилиб, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.

«Биз электр энергияси генерацияси йўналишидаги ислоҳотларимиз натижасида соҳага хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри жалб этишда катта тажриба орттирдик.

Жорий йилдан нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини қўллашни бошладик», деди Президентимиз.

Хусусан, Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича Туркиянинг «Aksa elektrik» компанияси билан келишувга эришилгани маълум қилинди.

Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади.

Шундай тажриба асосида келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқаруви ҳам инвесторларга таклиф этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер