Самарқанд давлат университетида “Келажакка қадам” маркази очилди

18:06 07 Март 2025 Жамият
263 0

Фото: СамДУ Ахборот хизмати

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор асосида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш, хусусий сектор ва тижорат банклари иштирокида кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш каби қатор вазифалар белгиланган эди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида “Келажакка қадам” маркази ташкил этилди.

Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати хабарига кўра, янги марказнинг асосий вазифаси – битирувчиларни иш билан таъминлаш, касбий таълим дастурларида, ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашишни молиялаштириш, ёшларни касбий ривожлантириш ва тадбиркорликка йўналтиришдан иборат.

СамДУ Ахборот хизмати

“Келажакка қадам” марказининг тантанали очилиш маросимида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Банк Академиясининг ректори, “Келажакка қадам” республика маркази бош ижрочи директори Элмурод Ҳошимов, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарҳод Нишонов шунингдек, Самарқанддаги олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида “Ўзмиллийбанк” томонидан аутсорсинг асосида ташкил этилган “Келажакка қадам” ҳамда Самарқанд вилоятининг барча олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу келишув асосида томонлар битирувчиларнинг меҳнат бозорига мослашувини таъминлаш, уларни истиқболли касбларга йўналтириш ҳамда замонавий касбий кўникмаларни шакллантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

СамДУ Ахборот хизмати

Мазкур марказнинг ташкил этилиши Самарқанд давлат университети ва барча олий таълим ташкилотлари битирувчилари учун катта имкониятлар эшигини очди. Улар нафақат ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш ўринларига, балки келажак касбларини эгаллаш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида барча маълумотларга эга бўладилар.

“Келажакка қадам” марказининг очилиш тадбирида СамДУ талабалари Шоҳбоз Бўронов, Машҳура Усмонова юксак ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?