Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди

23:29 06 Сентябр 2022 Жамият
1365 0

Фото: Халқ сўзи

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 майдаги қарори билан 2021-2022 ўқув йилидан Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолияти йўлга қўйилган эди.

Ўтган йилда филиалда 11 та таълим йўналишида 703 нафар талаба илм олган бўлса, мазкур ўқув йилида 12 та таълим йўналишига 481 нафар талаба қабул қилинди.

Самарқанд давлат университети филиалининг илмий салоҳиятини ошириб бориш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда мақсадли докторантурага 5 нафар таянч докторантлар қабул қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 12 нафарга етказилиши кўзда тутилган.

Қувонарлиси, 2022-2023 ўқув йили бошланиши олдидан филиалнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. 1000 ўринли муассаса мукаммал таъмирланиб, 31 та ўқув хонаси, кутубхона, тадбирлар ўтказиладиган зал ҳамда спорт зали керакли жиҳозлар ва воситалар билан таъминланди.

Шунингдек, инвестиция дастурлари доирасида 500 ўринли талабалар ётоқхонаси қурилиши ҳам жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда.

— Филиалнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, ўқув адабиётлар билан таъминлаш бўйича университетнинг амалий ёрдами кўрсатилмоқда. Хусусан, шу кунга қадар 72 номдаги 1000 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланиб, янги очилган йўналишлар учун замонавий адабиётлар яратиш тизимли йўлга қўйилган, — дейди СамДУ Каттақўрғон филиали педагогика ва тилларни ўқитиш факультети декани Анвар Собиров. — Бугунги кунда филиалда профессор-ўқитувчилар 56 нафарни ташкил этиб, 2021-2022 ўқув йилида улар томонидан халқаро илмий-техник базаларга кирувчи журналларда 11 та, халқаро миқёсидаги журналларда 65 та, республика журналларида 160 дан ортиқ мақола, халқаро илмий амалий конференцияларда 60 дан зиёд тезислар чоп этилди.

Ўйлаймизки, филиал биносининг таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилганлиги, таълим сифатини янада такомиллаштириш, замонавий мутахассислар тайёрлашга замин яратади.

Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер