Самарали бошқарув ва инновацион ёндашув: Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш гаровидир

17:18 10 Ноябрь 2025 Жамият
284 0

Бухорода Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Фермер хўжаликларини қўллаб – қувватлаш жамғармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш: самарали бошқарув ва инновацион ёндашувлар” мавзуида амалий семинар бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш мақсадида қатор меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.Давлатимиз раҳбарининг “Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги Қарори шулар жумласидан.

Бугунги кунда республиканинг 48 туманида пахта ва ғаллачилик йўналишида жами 85 та кооператив ташкил этилган. Уларга аъзо фермерлар сони 1511 нафарни, умумий ер майдони эса 41 минг гектарни ташкил этмоқда. Кооперативлар деҳқончасига айтганда, фермерлар бошини бир ерга қовуштириш нуқтаи назаридан фойдали. Зеро, ҳамжиҳатлик аграр соҳанинг эртанги барқарорлиги гаровидир.

2024 йилнинг 8 ноябрида “Қишлоқ хўжалиги кооперативлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан соҳадаги муносабатлар тўлиқ тартибга солинди.Кооперативни ташкил этиш, бошқариш ва тугатиш механизмларига аниқлик киритилди. Янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари учун ижтимоий солиқ ставкаси маълум муддатга 1 фоиз этиб белгиланди. Кооперативларга ишга қабул қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси маълум муддатга 1 фоизгача камайтирилди. Тупроқ унумдорлигини ошириш тадбирларини амалга оширган кооперативларга 3 йил муддатга ер солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этиш кўзда тутилди. Шунингдек, тегишли қарор асосида фермерлар етиштирган пахтани кластерларга мажбурий сотиш тизимидан воз кечилиб, маҳсулотни кооперативлар орқали тўғридан – тўғри, ортиқча тўсиқларсиз сотиш имконияти яратилди.

-Мақсад ўрганиш , илғорлар тажрибасини ҳаётга татбиқ этиш, пировардида аграр соҳани ривожлантиришдан иборат, -дея таъкидлади семинарни бошқариб борган Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси ўринбосари, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси раҳбари Тўлқин Сатторов .

Тадбирда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан берилган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, "Peshku oltin tola" ишлаб чиқариш кооперативига айланма маблағ учун 10 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Семинарда мева-сабзавотчилик йўналишида инфратузилмани ривожлантириш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш тизимини қуриш учун берилган янги имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, “Агросубсидия” ва “Ҳосил қабули” ахборот тизимларига маълумотларни электрон равишда киритиш, омборларни рақамлаштириш ва ҳисоботларни автоматлаштиришнинг аҳамиятига доир жўяли фикр – мулоҳазалар билдирилди.

“Зарҳалтекс” корхонаси фаолияти ҳамда “Бухоро – Варнет” масъулияти чекланган жамиятининг ботаника боғи билан танишув семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер