Сайёҳлик салоҳиятининг бетакрор жилоси

17:32 01 Апрель 2025 Жамият
232 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ҳар сафарги ташрифида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига тўхталар экан, унинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, бунинг учун сайёҳлик инфратузилмасини халқаро андозаларга тенглаштириш борасида бир қатор кўрсатмалар беради.

Жорий йилда вилоятга хорижлик сайёҳлар сонини 500 мингга, маҳаллий сайёҳлар сонини 2,5 миллионга, сайёҳлик хизматлари экспортини 150 миллион долларга етказиш белгиланган. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб бир, бир ярим баравар кўп демакдир. Албатта, бунинг мустаҳкам назарий ва амалий асослари бор.

Боиси улуғ шоир номи билан аталувчи вилоят маъмурий бирлик сифатида навқирон бўлишига қарамасдан, инсоният моддий ва маънавий мулкига айланган осори-атиқа ва бетакрор тарихий обидаларга бой ҳудудлардан бири саналади.

Биргина Сармишсой дарасидаги қоятош сурат, яъни петроглифлар 4,5-5 минг йиллик тарихга эга бўлиб, у Нурота тоғ тизмаларининг офтобрўй этакларида яшаган аждодларимиз ҳаёти, даранинг қадим ҳайвонот ва наботот оламидан ҳикоя қилувчи бебаҳо манбадир. Учтут чақмоқтош шахталари эса ер ости кончилигининг ибтидоси ҳисобланиши билан жозибадор. XV асрда бунёд этилган Работи Малик, Сардоба, Деггароний зиёратгоҳи, Мир Саид Баҳром мақбараси, XVI аср тарихий обидаси – Қосим Шайх мажмуаси, Нурота чашмасидаги ноёб меъморий обидалар, Мингбулоқдаги тош ўрмон, Зарафшон шаҳри ва Центоб қишлоғи яқинидан топилган петроглифлар ҳар доим маҳаллий ва хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотган. Бундан ташқари, тўрт фасл хислатларини ўзида жамлаган сўлим масканлар, экстремал таснифдаги бепоён Қизилқум экологик сайёҳликни йўлга қўйишнинг бетакрор манбаларидир. Мухтасар қилсак, норвегиялик археолог олим таъкидлаганидек, бундай бебаҳо тарихий бойликлар билан Ўзбекистон инсоният тамаддуни бешигига даъвогарларнинг сардорларидан бири саналади.

— Бугунги кунда сайёҳларни жалб қилиш учун вилоятимизда 437 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 70 таси архитектура, 306 таси археология ва 45 таси монументал объектларни ташкил этади, — дейди Навоий вилояти Туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳамдам Муҳиддинов. — Туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга вилоятимиз ўзининг ана шу юқорида қайд этилган кўп сонли қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файз­ли гўшалари билан ташриф буюрган сайёҳларни ўзига ром этмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари белгилаган вазифалар ижросини таъминлаш йўлида 2024 йил давомида умумий қиймати 231.6 млрд. сўмлик 34 та (10 та меҳмонхона, 17 та оилавий меҳмон уйи, 4 та хостел ҳамда 3 та ўтовли оромгоҳ) жойлаштириш воситалари ташкил этилиб, умумий сони 238 тага, улардаги ўринлар сони 6983 тага етказилди. Шунинг ҳисобига 326 та янги иш ўринлари яратилди. Мисол учун: Навоий шаҳри марказида 100 ўринли «Shedevr Plaza» ва 120 ўринли «Tinchlik Plaza-2» меҳмонхоналари фаолияти йўлга қўйилди. 22 та туркомпаниялар янгидан иш бошлади.

Ўтган йили турмаршрутлар сони 70 тага етказилиб, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган 340 км масофада 60 та объектдан иборат Навоий «туризм ҳалқаси» йўналиши доирасида транспортда ва пиёда саёҳат қилиш бўйича алоҳида туристик маршрутлар яратилди.

Вилоятдаги термал булоқлардан самарали фойдаланган ҳолда, Хатирчи тумани «Олтинсой» МФЙ ҳудудида 1 та соғломлаштириш объекти, «YURT CAMP» МЧЖ томонидан Конимех туманидаги «Янгиқазғон» МФЙда 500 ўринли ўтовли лагерь, отда ва туяда сайр қилиш, ов қилиш, 2 та ресторан, савдо дўконлари, транспорт ҳамда туркомпания хизматларини ўз ичига олган туризм кластери ташкил этилди.

«QIZILQUM KEMEL TRAVEL» МЧЖ томонидан Айдаркўл бўйида лойиҳа қиймати 18,3 млрд. сўм бўлган дам олиш маскани ҳудудида меҳмонхона, 5 та кемпинг, 2 та глемпинг, бассейн, ресторан ҳамда туркомпания хизматлари асосида туризм кластери фаолияти йўлга қўйилди. Натижада чўлда ов ва жонли уловларда сайр қилиш, чўл қумидан шифо мақсадларида фойдаланиш учун ўтган йили 10 минг нафарга яқин хорижий, 32 300 нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди.

— Хатирчи туманидаги Лангар маҳалласига «Туризм маҳалласи» мақоми берилиши, ушбу қишлоқда 20 та оилавий меҳмон уйи ва 5 турдаги қўшимча хизмат турлари ташкил этиш орқали 80 кишининг бандлигини таъминлади, — дея давом этади Ҳ. Муҳиддинов. — Шу билан бир қаторда «Турон банк» АТБ томонидан Лангар маҳалласида лойиҳа қиймати 1,5 млрд. сўм бўлган Селфи майдончаси ва 5 та кемпинг ташкил этилди. Бундан ташқари, МФЙ ҳудудида амалга ошириладиган 50 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш лойиҳалар «пакети» ишлаб чиқилди. Жорий йилда туманнинг сўлим Ангидон қишлоғига ҳам «Туризм қишлоғи» мақомини олиш режалаштирилган.

Вилоятда зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш мақсадида барча муқаддас қадамжолар ҳамда маданий объектлар рўйхат-харитаси шакллантирилиб, ҳудудларда уларга олиб борувчи йўллар атрофи ва бу ёдгорликларнинг ички, ташқи томонлари ободонлаштирилди. Йўл белгилари уч тилда ёзиб, ўрнатилди. 4 та маданий мерос объектларида (Ғозғон шаҳридаги «Шоҳимардон», Кармана туманидаги «Мирзачорбоғ», «Мавлоно Ориф Деггароний» маданий мерос объектлари, Навбаҳор туманидаги «Сармишсой» давлат музей қўриқхонаси) 2,2 млрд. сўмлик қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда эса Нурота тумани ҳудудида жойлашган Айдаркўл сув ҳавзаси атрофида 150 гектар ер майдонида сувда дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш учун Туризм зонасини ташкил этилиб, бирйўла 10 минг нафаргача хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо қилинади. Қизилтепа туманидан ўтувчи М-37 халқаро автомагистраль йўли бўйидаги ҳудудда, Карвонсарой ҳамда Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида жойлашган 90 га ер майдонида «Тўдакўл» туристик-рекреацион зонасини ташкил этилади. Шунингдек, Зарафшон шаҳридаги Марварид кўли атрофида канат йўли, сузиш ҳавзаси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур чора-тадбирлар вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини ошириш билан бирга сайёҳлик индустриясини яратиш, унинг ялпи ҳудудий ички ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали меҳнат бозоридаги мувозанатни барқарорлаштиришга туртки беради. Қолаверса, сайёҳлик нафақат манзиллар ва халқлар, балки диллар ҳамда тараққиётларни бир-бирига боғловчи беминнат омилдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер