Сайёҳлар кўнгил уза олмаётган Бухорода санъат биенналеси давом этмоқда
Хабар қилиб бораётганимиздек, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида халқаро замонавий санъат биенналеси давом этяпти. У нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Айнан шу йирик кўргазма шарофати билан кўҳна кентга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошгани фикримиз тасдиғидир.
Маълумотларга қараганда, тадбир бошланган 5 сентябрь санасидан 15 октябрга қадар Бухорога 1 миллион 224 минг нафардан зиёд турист ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 бараварга кўп.
Хитойлик Хао Ко ҳамда унинг ҳамроҳи Ху Мейни ҳам кўҳна шаҳар ўзига тамоман ром қилди. XIX асрнинг иккинчи ярмида бунёд этилган Рашид мадрасасида суҳбатлашганимизда улар шуни алоҳида таъкидлашди.
— Биз санъат биенналеси ўтаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар топиб, Ўзбекистонга, Бухорога отландик, — дейди Хао Ко. — Тўрт кундан буён юртингиздамиз. Бу ерда жуда яхши муҳит ҳукмрон. Тарих ва замонавийлик уйғунлашиб кетган. Киши ўзини ўзгача бир маданият оғушида ҳис этади. Афсуски, сафаримиз якунланмоқда. Аммо Бухородан кўнгил узолмаяпмиз. Юртингизга яна келиш ниятидамиз.
1570 йилда қурилган “Говкушон” мадрасасидан ҳам сайёҳлар қадами узилмаяпти. Буни бир жиҳатдан мадрасада биеннале дастури доирасида ўзига хос кўргазмалар ташкил этилгани билан изоҳлаш мумкин. Медиатор Жасмина Саидқулованинг билдиришича, ҳар бир лойиҳа рамзий маънога эгалиги билан ажралиб турибди. Дейлик, пойтахтда яшаб ижод қилаётган Ойжон Хайруллаеванинг “Саккиз ҳаёт” асарида одам организми тасвири воситасида инсон ва табиатнинг уйғунлиги оригинал тарзда акс эттирилган. Мадрасанинг яна бир ҳужрасидан эса “Ҳақиқатни излаб” деб номланган инсталляция ўрин олган. Чексизлик руҳи сингдирилган бу асардаги ранглар кишини ўзига тортади.

— Бухоро биз кутгандан ҳам ажойиб шаҳар экан, — дейди Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳридан келган меҳмон Галина Терехова. — Бу ердаги қадимий ёдгорликлар, халқаро санъат биенналесида намойиш этилаётган асарлар, одамларнинг меҳмоннавозлиги, миллий таомлар – ҳамма-ҳаммаси унутилмас таассурот қолдирди. Юртимга қайтиб борганимда дўстларимга Ўзбекистон, Бухоро ҳақида албатта, сўзлаб бераман. Улар ҳам бу ерга келишса асло афсусланишмайди.
Яна “Қалблар дардига дармон” деб номланган биенналега қайтамиз. Унда нафақат минтақамиз, балки дунёнинг турли давлатларидан келган мусаввирлар, дизайнерлар, ошпазлар ўз салоҳиятлари, маҳоратларини намойиш этиш имконига эга бўлишаяпти. Қолаверса, Бухородаги бу нуфузли тадбирда иштирок этиш улар учун ижодий туртки вазифасини ҳам ўтамоқда.
— Ўзбекистонда авлодлараро билим ва ҳунар асрлар давомида кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинмоқда, — дейди покистонлик рассом Хадим Али. — Бухоро биенналеси бунинг исботидир. Ушбу мунаввар гўшага келиш ва асарларимни намойиш этиш ҳаётимдаги энг қувончли воқеага айланди.
— Гапнинг очиғи, юртингизда, хусусан, Бухоронинг қадимий кўчаларида юриш мен учун гўёки бир ширин тушга ўхшайди, — дейди яна бир суҳбатдош, Саудия Арабистонидан келган мусаввир ва дизайнер Аҳмад Ангави. — Отам доим “Агар сен дизайн ва архитектурани чуқур ўрганмоқчи бўлсанг Ўзбекистонга боришинг шарт”, дерди. Бухорога келиб бу сўзлар бежиз айтилмаганига ишонч ҳосил қилдим. Кўҳна шаҳар меъморчилик жуда равнақ топган гўша сифатида менга илҳом бахш этяпти.
Юқоридагилардан кўринадики, Бухоро халқаро санъат биенналеси миллий қадриятларимизни дунёга танитиш, туризмни ривожлантириш, жаҳоннинг таниқли маданият ва санъат намояндалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг кўнглидан чуқур жой олган санъат байрами 20 ноябрда якун топади.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг