Сайлов қонунчилиги: ўзгартиш ва қўшимча киритишга зарурат борми?
Жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида яна бир катта сиёсий воқеа — Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Демак, бўлажак сайловни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ўтказишга катта аҳамият қаратиш лозим бўлади.
Шу сабабли «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурига мувофиқ, сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бир қатор янги нормаларни ўзида акс эттирган.
Биринчидан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда.
Чунки таҳлилларга кўра, ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкалари доираси билан чекланган бўлиб, амалиётда бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келмоқда. Бу эса Давлат бюджетига қўшимча харажатларни кўпайтирмоқда. Мақбуллаштириш натижасида эса 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилиб, 33,2 млрд сўм маблағ иқтисод қилинади.
Иккинчидан, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Учинчидан, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Масалан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбий хизматчиларга, диний ташкилотлар хизматчиларига, судьяларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланмоқда.
Сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси каби муҳим сиёсий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлаётгани ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда Президент сайловининг октябрь ойда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.
Хулоса шуки, бўлажак сайловлар мамлакатимиз миллий тараққиётининг ҳозирги босқичида халқимиз ўзи танлаган юксалиш йўлидан илдам бораётганини, ислоҳотларнинг орқага қайтмас тус олганлигини намоён этади. Cайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.
Абдулла РЎЗМEТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
- «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг