“Саъй эт, жадал эт, илму фунуна ҳаракат қил...” — маърифатпарвар куйчининг сўнмас сабоқлари
Замон ва давр талаби ҳар қандай жамиятда аввало баркамол шахсни тарбиялашни, камолга етказишни тақозо этади. Илму маърифат тараққиётнинг муҳим омилидир. Зотан, қайсики жамият, қайсики давлат бўлишидан қатъий назар, унинг тақдири, келажаги ва тараққиёти албатта етишиб келаётган ёш авлоднинг ақлу заковатига дахлдор.
Ҳар бир миллатнинг маънавий бойлиги миллий ва умуминсоний қадриятлар бирлигидан ташкил топади. Маънавий мерос — ўтмишнинг келажак авлодларга туҳфа этган меросидир. Уни тўла эгаллаш ва ривожлантириш эса ҳозирги авлодларнинг ота-боболар олдидаги бурчидир. Ўз маданий мероси, неча асрлик қадрияту анъаналарини билмаслик ёки менсимаслик маданиятсизлик белгиси. Уларни бойитиш ва юксак даражага кўтаришга интилмаслик эса миллат ҳамда унинг истиқболи учун катта зиён. Ахир маънавияти тараққий этган инсонгина истиқлол ва истиқбол равнақи учун курашга ўзида қудрат ҳамда ирода топа олади, тўғрими?!
Қайд этиш жоизки, халқимиз таълим-тарбияга оид бой хазинага эга бўлиб, ўз авлодларида неча давру замонлардан буён инсонпарварлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, дўстлик, меҳр-оқибат, биродарлик каби умуминсоний фазилатларни шакллантириб келади. Шарқ мутафаккирларининг таълим-тарбияга оид асарлари ҳам ана шундай бой мерос сирасига киради. Албатта, меросимиз ва ундаги одоб-ахлоққа оид дурдоналардан етарлича фойдаланиш, ўқиб-ўрганиш ва ҳаётга таблиғ этиш бугунимиз учун жуда долзарб.
Ҳозирги кунда олдимизда мактабларимиздаги таълим-тарбиявий ишларда бу дурдоналардан тўлароқ фойдаланишдек катта вазифа пайдо бўлаётгани рост. Шу маънода, таълим даргоҳларимизда ҳар бир синф учун ҳар ҳафтада ўтиладиган тарбиявий-ахлоқий соатларни том маънодаги маънавият дарсларига айлантириш бу ишни адо этиш учун яхши имкониятлар очиб беради. Дейлик, ўқувчига катта синф эмас, айни 5 синфдан бошлаб буюк мутафаккир алломалар — Кайковус, Юсуф Хос Ҳожиб, Саъдий Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби улуғларимизнинг хулқ-одобга оид асарларини, шунингдек, халқ оғзаки ижоди намуналарини ўрганишга, уларнинг мазмунини шарҳлашга киришилса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки жамиятда яшаётган ҳар бир киши мактаб партасида ўтирар экан, бу ўгитларни ўрганиши онгига истаса-истамаса фақат ва фақат ижобий таъсир этади.
Шахснинг маънавий маданиятини шакллантиришга қўйиладиган ҳозирги замон талабларини амалга ошириш муаммолари ўзгарувчан характерга эга бўлиб, ижтимоий тузум тараққиёти билан ҳам боғлиқ.
Маълумки, ўзига хос мақсад ва вазифалар билан жамият таркибига кириб келган педагогик қарашлар ХIХ-ХХ асрлар оралиғидаги буюк маърифий ғоялар таркибини ташкил қилди. Бунинг асосчиси сифатида бир қанча маърифатпарварлар орасида Абдулла Авлонийни алоҳида тилга олиш жоиз. У айни маънода ўзбек адабиёти тарихида “маърифатпарвар куйчи” сифатида эъзозланади. Унинг шеърлари, достон ва драматик асарлари ўзининг бадиий пишиқлиги, ҳозиржавоблиги ҳамда одоб-ахлоқ борасидаги етилган қарашларга бойлиги билан ажралиб туради.
Абдулла Авлоний болаларнинг таълим-тарбиясига оид кўплаб асарлар ижод этган. Айниқса, адибнинг “Ватан”, “Гулистондан бир манзара”, “Бола ила гул”, “Мактаб боласи”, “Ёлғончи чўпон”, “Ялқов” каби шеърларида ҳам бу масала янада ёрқинроқ кўринади.
Қайд этиш лозим, ўз даврида Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосида қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган, ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига аралаша олиш қобилиятига эга бўлишини таъминлайдиган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. Муаллиф бизга “Муаллими аввал”, “Муаллими соний”, “Мактаб гулистони”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобларининг муаллифи сифатида ҳам айрича қадрлидир.
Абдулла Авлонийнинг педагогикага оид асарлари ичида “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ХХ аср бошларидаги педагогик фикрлар тараққиётини ўрганиш жиҳатидан катта аҳамиятга молик. Мазкур асар ахлоқий ва таълимий-тарбиявий қарашлар жамланган муаззам манбадир. Асарда инсонларни “яхшиликка чақирувчи, ёмонлардан қайтарувчи” илму ахлоқ ҳақида фикр юритилади. Шу жиҳатдан қараганда ушбу асар Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носир Хусравнинг “Саодатнома”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул- қулуб”, Аҳмад Донишнинг “Фарзандларга васият” асарлари шаклидаги ўзига хос тарбиявий китобдир.
Адиб асарда педагог сифатида бола тарбиясининг роли жамиятдаги ҳақида қайд этиб, “Агар бир киши ёшлигида нафси бузилиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, аллоҳу акбар, бундай кишилардан яхшилик кутмоқ ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур”, дейди. Мутафаккирнинг фикрича, болаларда ахлоқий хислатларнинг таркиб топишида ижтимоий муҳит, оилавий шароит ва боланинг атрофидаги кишилар ниҳоятда катта аҳамиятга эга.
Шу ўринда асарда ахлоқ тушунчасининг таркибига кирувчи бир қатор муҳим масалалар таҳлил этилгани борасида ҳам баъзи мулоҳазалар юритсак. Унда Абдулла Авлоний бола тарбиясини нисбий равишда қуйидаги тўрт бўлимга ажратади: 1. Тарбиянинг замони; 2. Бадан тарбияси; 3. Фикр тарбияси; 4. Ахлоқ тарбияси.
Хусусан, асарнинг “Тарбиянинг замони” қисмида тарбиянинг уйда, сўнгроқ мактаб-мадрасада олиб борилиши ҳамда бундай ишга имконсиз халқнинг оғир моддий тирикчилиги йўл қўймаётгани борасида фикр юритилади. Унда айниқса “Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқимаган, “усули таълим кўрмаган муаллимлар”, “матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрислар” ўткир ҳажв остига олинади. Бу билан тарбияни ёшликдан бериш зарурлиги, бу ишга ҳамма — ота-она, муаллим, ҳукумат ва бошқалар бирдек киришиши кераклиги таъкидланади. Мазмун-мундарижасидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ушбу асар асримиз бошларидаги педагогик фикр тараққиётидагина эмас, балки даврнинг ижтимоий-эстетик тафаккур ривожида ҳам сезиларли даражада из қолдира олди.
Шунингдек, адиб фикрига кўра тарбия зурриёт дунёга келгандан бошланиб, умрнинг охирига қадар давом этиши даркор ва у бир қанча босқич — уй, боғча, мактаб ҳамда жамоатчилик тарбиясидан ташкил топади.
Абдулла Авлоний тарбия доирасини кенг маънода англайди ва уни биргина ахлоқ билан чегаралаб қўймайди. Адиб асари орқали биринчи навбатда боланинг соғлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш лозимлигини уқтиради. Яъни, соғлом фикр, яхши ахлоқ, илм-маърифатга эга бўлиш учун баданни тарбия қилиш зарур: “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқумоқ, ўқутмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучли, касалсиз жасад лозимдур”. Абдулла Авлоний бадан тарбияси масаласида сўз юритиб, болани соғлом ўстиришда ота-оналарга мурожаат қилади, уни фикрий томондан тарбиялаш учун эса муаллимларнинг фаолиятларига алоҳида эътибор беради. Айни замонда адиб таълим ва тарбия узвий боғлиқ эканини ҳам таъкидлаб: “Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур”, дейди.
Абдулла Авлоний илм тўғрисида ёзар экан, “Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий, муқаддаc бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойина каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткур қилмоқ, Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур...” дея урғулайди.
Адиб илмнинг амалий ва ҳаётий фойдаларини алоҳида қайд этиб, “Бизларни жаҳолат, қоронғуликдан қутқарур. Маданият инсониятни маърифат дунёсига чиқарур, ёмон феъллардан, бузуғ ишлардан қайтарур, яхши хулқ ва одоб соҳиби қилур. Алҳосил, бутун ҳаётимиз, саломатимиз, саодатимиз, сарватимиз, маишатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва охиратимиз илма боғлидур”, дея таъкидлайди. Адибнинг образли ифодасига кўра, илм бамисоли бодомнинг ичидаги мағиз. Уни қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, яъни чақиб, уни пўчоғидан ажратиб олиш даркор.
Шулардан англашиладики, адиб илмнинг жамият тараққиётидаги ролини теран англаган. Шунинг учун ҳам у ёшларни илм сирларини билиш, ҳодисалар моҳиятини ечиш, китоб мутолаа қилишга чақирган.
Шунингдек, Авлоний идрок ва закони маърифатпарварлик билан боғлаб, “Ёшликдан бошлаб зеҳн ва идрокимизни қувватландурмоқ учун азиз умримизни ўйин-кулгу, сафсата каби беҳуда сўзлар ила ўтказмай, ҳар хил китоб, газета ва журналларни ўқуб, фикримизни очмоқ, зеҳнимизни қувватландурмоқ лозимдур”, дея қайд этади. Бу эса адибнинг халқни маърифат ва маънавиятга ташвиқ қилганидан далолатдир. Хусусан, унинг қуйидаги шеъри ҳам фикримизни далиллайди:
Идрок ила ақлинг-ла аюр яхши-ёмонни,
Беҳудага сарф этма шу қимматли замонни.
Саъй эт, жадал эт, илму фунуна ҳаракат қил,
Боқ, найладилар ҳикмат ила ушбу жаҳонни.
Тарих силсиласи маърифатпарвар бобомизнинг асрлар оша юртимиз ва миллатимиз тақдири учун қайғурганини яққол кўрсатиб турибди. Шундай экан, бугунги шиддаткор даврда баркамол шахсни камол топтиришдек масъулиятли, шарафли вазифани эгаллаб турган касб эгалари, умуман олганда, барчамиз улуғ аждодларимизнинг ўгит ва кўрсатмаларига амал қилсак, айнан Абдулла Авлоний сабоқларини ўрганиб, ҳаётимизга дастуриламал сифатида жорий этсак нур устига нур бўлажакдир.
Бўри ҚОДИРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
ҳузуридаги Ижтимоий маънавий тадқиқотлар
институти бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди, доцент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг