Садир Жапаров Қирғизистонда ўлим жазосини тиклаш ташаббуси билан чиқди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда оғир жиноятларни содир этганлик учун ўлим жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Аскат Алагозов Facebook саҳифасида маълум қилди.
Маълум қилинишича, Садир Жапаров Президент маъмуриятининг ҳуқуқий таъминлаш бўлими бошлиғи Мурат Укушевга қонунчиликка тегишли ўзгаришлар тайёрлашни топширган. Ушбу ўзгаришлар болалар, қизлар ва аёлларга қарши содир этилган жиноятлар учун жазони максимал даражада оғирлаштиришни назарда тутади. Жумладан, болаларни зўрлаш ҳамда аёлларни зўрлаб ўлдириш ҳолатларига ўлим жазосини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Жапаровнинг бу қарорга келиш сабаби — Иссиқкўл вилоятидаги 17 ёшли қиз Айсулуунинг шафқатсиз ўлдирилиши билан боғлиқ. Алагозов таъкидлашича, мазкур жиноят шахсан Жапаровнинг назоратида турибди.
“Бу воқеа жамиятни ларзага солди, президент эса уни қаттиқ изтироб билан қабул қилди“, деб ёзади Аскат Алагозов.
Маълумот учун, Қирғизистонда 1998 йилда ўлим жазосини қўллашга икки йиллик мораторий жорий этилган, кейинчалик у бир неча марта узайтирилган. 2007 йилда эса мамлакат конституциясига киритилган ўзгаришлар билан ўлим жазоси умуман бекор қилинган.
Жиноят тафсилотлари
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида жамоатчиликни шов-шувга солган фожиали ҳодиса содир бўлди. Маҳаллий “Turmush” нашри маълумотларига кўра, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Қоракўл шаҳрида яшовчи фуқаро 17 ёшли қизи бедарак йўқолгани ҳақида милицияга мурожаат қилган.
Тергов давомида кузатув камералари орқали қиз Барскаун қишлоғидан Қоракўл шаҳрига жўнаб кетгани ва 1984 йилда туғилган эркак уни машинасида шаҳар ташқарисига олиб чиққани аниқланган.
Маълум бўлишича, эркак 17 ёшли қизни зўрлаб, кейинчалик бўғиб ўлдирган. Бедарак йўқолган қиз — Ойсулув Мукашеванинг жасади 29 сентябрь куни Жал-Ариқ ҳудудидаги дара яқинидан топилган.

Терговчиларнинг билдиришича, гумонланувчи жиноят изларини йўқотиш учун машинасини одам кам бўлган ҳудудга ташлаб, телефон ва SIM-картани йўқ қилган. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уни тез орада Чўй вилоятида қўлга олишга муваффақ бўлишди.
Марҳумнинг жасади топилгандан сўнг, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг “Қотиллик” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчи қамоққа олинган, иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг